Ёшлар қалбида адабиёт шуъласи
Тошкент фармацевтика институтида ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб этиш, уларнинг адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, бадиий-эстетик диди ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги маърифий тадбир бўлиб ўтди.
«Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ижодий учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари – ижодкорлар Дилфуза Қаршибоева, Мирзо Карим, Бегали Эшонқулов қатнашди.
Тадбир аввалида институтнинг биринчи проректори Иброҳим Сагатов сўзга чиқиб, ёшларни китобхонликка жалб этиш ва уларнинг маънавий дунёқарашини бойитишда бундай учрашувларнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади.
– Бугунги кунда ёшларимизга билим бериш билан бирга, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш ҳам муҳим вазифалардан бири. Китоб мутолааси эса бу борада энг самарали воситалардан, – деди Иброҳим Сагатов.
Ижодий мулоқот эркин ва самимий мулоқот руҳида давом этди. Ижодкорлар ўзларининг адабий изланишлари, ижод жараёни ва китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида талабалар билан фикр алмашдилар.Айниқса, Дилфуза Қаршибоеванинг ёшлар билан мулоқоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ижодкорнинг таъкидлашича, ёшларни китобга қизиқтириш учун уларга мутолаани мажбурият эмас, балки эҳтиёж ва завқ сифатида ҳис қилдириш керак.


– Ёшларга «китоб ўқишинг керак» дебгина айтиш камлик қилади. Биз уларга китобнинг инсон ҳаётини қандай ўзгартириши мумкинлигини кўрсата олишимиз лозим. Қизиқарли асар, самимий суҳбат ва яхши мисол кўпинча энг кучли тарбия воситаси бўлади, – деди ижодкор. Унинг фикрича, ҳар бир ёшнинг адабиётга кириб келиш йўли турлича бўлади.
– Кимдир шеър орқали адабиётни кашф этади, кимдир ҳикоя ёки роман орқали. Муҳими, инсон ўз қалбига яқин асарни топа олсин. Шу асар унга кейинги китобларни излаш учун йўл очиб беради, – дея таъкидлади Дилфуза Қаршибоева. Суҳбат давомида ижодкор адабиёт ва замонавий ёшлар муносабати ҳақида ҳам фикр билдирди.
Бугун ёшларнинг ахборот олиш имкониятлари жуда кенг. Аммо ахборот кўплиги ҳали билим дегани эмас. Китоб инсонни маълумотдан фикрга, фикрдан эса хулосага олиб боради. Шу жиҳатдан мутолаанинг ўрни доимо беқиёс, — деди у.
Талабаларнинг ижодкорликка қизиқиши ҳақида гапирар экан, Дилфуза Қаршибоева ёшларни ўз фикрини эркин ифода этишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, китобхонлик инсоннинг нафақат билимини, балки нутқи ва тафаккурини ҳам бойитади.Адабий мулоқотда эътироф этилганидек, кўп китоб ўқиган инсоннинг сўз бойлиги, фикрлаш тарзи ва дунёқарашида ўзгариш сезилади. У ўз фикрини аниқроқ ва таъсирчанроқ ифода эта бошлайди. Шунинг учун китобхонликни шахсий камолотнинг бир қисми сифатида қабул қилиш керак.
Учрашув давомида талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан ижодкорларга мурожаат қилди. Китоб танлаш, ижодий изланиш, шеър ёзиш ва адабиётга қизиқишни ошириш каби мавзуларда қизғин мулоқот бўлди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар китоб ва адабиёт инсон маънавиятини юксалтирувчи беқиёс манба эканини яна бир бор ҳис этдилар. «Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасидаги бундай ижодий учрашувлар ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларни мустақил фикрлашга ундаш ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Зеро, китобга ошно қалбда эзгулик, билим ва тафаккур учун доимо жой бор.
Н.Усмонова, ЎзА