Тарих билан юзма-юз
Бизнинг барча ютуқларимиз устозларимизнинг заҳматли меҳнатлари натижасидир. Халқимизда устозлик азалдан юксак мартаба саналган. Кейинги йилларда мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мавқеини тобора юксалтириш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялашнинг амалий ва мутлақо янги механизмига асос солинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда катта тантана билан нишонланадиган байрамга алоҳида шукуҳ бағишлади.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган туркум тадбирлар, маданий-маърифий учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
“Устоз қадри – миллат қудрати” шиори остида ўтказилаётган байрам дастурларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 300 нафарга яқин мактабгача, мактаб, олий таълим муассасалари ходимлари ҳамда давлат мукофотлари соҳиблари, узоқ йиллар тизимда фаолият юритган устозлар, таълим фидойилари ва масъуллари иштирок этмоқда.

Байрам тадбирларининг навбатдаги кунида мамлакатимизнинг илғор педагоглари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилди.
Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида юртимиздаги энг йирик мега-лойиҳа сифатида ташкил этилган ушбу марказ бугунги кунда маънавият, маърифат, билим, тарихни чуқур ўрганиш, келажак сари интилиш маркази сифатида жаҳоннинг турли давлатларидан келган меҳмонлар, барча юртдошларимизда катта таассурот қолдирмоқда.
Ташриф давомида педагоглар Марказнинг ташкил этилиш тарихи, унинг асосий йўналишлари ҳамда бу ерда жамланган тарихий-маданий мерос намуналари билан танишди.

Марказ экспозицияларидан юртимиз ҳудудида асрлар давомида ривожланган илм-фан, таълим ва маданият тарихига оид кўплаб маълумотлар ўрин олган. Ўқитувчилар буюк алломаларимизнинг илмий мероси, қўлёзмалар, тарихий манбалар ва турли даврларга оид экспонатлар ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Саёҳат жараёнида айниқса, юртимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани тараққиётидаги ўрнига оид маълумотлар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Экспозицияларни томоша қилиш асносида ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Педагоглар учун бундай ташрифнинг яна бир жиҳати - тарихий манбалар ва экспонатларни бевосита кўриш имконияти. Айрим маълумотлар дарслик ёки китобда ўқилганидан кўра, тарихий ашёлар ва экспозициялар орқали бошқача таассурот қолдиради. Ташриф сўнгида ўқитувчилар Марказда кўрганлари юзасидан фикр алмашдилар. Уларнинг таъкидлашича, бу каби саёҳатлар педагогларнинг тарихий билимларини бойитиш билан бирга, дарс жараёнида ўқувчиларга қўшимча маълумотлар бериш учун ҳам қўл келади.
– Бундай муаззам марказга келиш, ундаги экспозиция билан танишиш мамлакатимиздаги барча устозларнинг орзусидир, – деди Каттақўрғон шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ҳайдарали Маматов. – Диёримизнинг азалдан йирик илм-фан, маърифат ўчоғи бўлгани, бу ерда яшаб, ижод қилган алломалар жаҳон тамаддуни равнақига муносиб ҳисса қўшганларини ёш авлодга етказиш биз – педагогларнинг бурчимиз.
Устоз ва мураббийлар куни арафасида ташкил этилган ушбу ташриф педагоглар учун мазмунли дам олиш ва янги маълумотларга эга бўлиш имконини берди.

Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири