Ёшлар касб танлашда қийналмаяптими?
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “MY FAIR” МЧЖ ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Таълим ва касб” халқаро кўргазмаси ўтказилди
Кўргазмада 60 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасаси вакиллари, вилоят таълим соҳаси масъуллари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Жумладан, Россия, АҚШ, Туркия, Польша ва Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли университетлари ходимлари ўқувчи-ёшлар ҳамда абитуриентларга таълим дастурлари, қабул шартлари ва халқаро грант имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳ.Тўхтаев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Р.Йўлдошев хорижий таълим муассасалари вакиллари билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати, таълим гарантлари ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Кўргазма давомида ёшлар хорижий таълим даргоҳлари имкониятлари билан яқиндан танишиш ҳамда университетлар вакиллари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди, уларга касб танлаш юзасидан маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари