Ёш стратеглар кўҳна шаҳар мероси билан танишди
Кўҳна ва боқий Бухоро яна бир бор халқаро дўстлик, маърифат ва маданий мулоқот марказига айланди. “Владимир Квинт номидаги ёш стратеглар таълим соҳасида бирлашишининг V-халқаро йиғини” доирасида турли давлатлардан ташриф буюрган 120 нафар иқтидорли ўқувчи ва педагоглардан иборат делегация Бухоро шаҳри меҳмони бўлди.
Мазкур ташрифнинг асосий мақсади иштирокчилар ўртасида маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш, таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни инсоният цивилизациясида муҳим ўрин тутган Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан таништиришдан иборатдир.

Бухоро шаҳрига уюштирилган саёҳат давомида меҳмонлар шаҳарнинг энг машҳур ва диққатга сазовор масканларида бўлиб, асрлар давомида сақланиб келаётган ноёб меъморий ёдгорликлар, муқаддас зиёратгоҳлар ва тарихий обидаларни томоша қилди. Малакали гидлар ҳамроҳлигида ташкил этилган экскурсиялар орқали иштирокчилар Бухоронинг ўтмишда илм-фан, савдо ва маданият маркази сифатида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.
Меҳмонларда айниқса, шаҳарнинг бетакрор шарқона муҳити, қадимий кўчалари, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва меҳмондўстлик фазилатлари катта таассурот қолдирди. Улар ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий қадриятлари ҳамда бой маънавий мероси билан яқиндан танишиб, ўз билим ва дунёқарашларини янада бойитиш имкониятига эга бўлди.

Бу каби ташрифлар ёшлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, дўстона муносабатларни ривожлантириш ва келажакдаги ҳамкорлик алоқалари учун мустаҳкам пойдевор яратиши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, Бухоронинг халқаро нуфузини янада ошириш, унинг бой тарихий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Бухорода ўтказилган мазкур учрашув ва саёҳат дастури ёш авлодни кенг дунёқарашли, стратегик фикрлайдиган, турли миллат ва маданиятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.