Туркия делегацияси билан гастрономик туризм масалалари муҳокама қилинди
Туризм қўмитасида раис ўринбосари С.Бобокалонов билан Туркиянинг етакчи қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари — “Mehmet Yıldırım Baklava”, “Karaköy Güllüoğlu Baklava” ва “Burça Baklava” компаниялари раҳбарлари ҳамда “Баклава ва ширинликлар ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси” (BAKTAD) мутасаддиларидан иборат делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини фестиваллар ва MICE тадбирлар орқали тарғиб қилиш, хусусан, мамлакатимизда халқаро баклава фестивалини ўтказиш ҳамда баклава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди.

Меҳмонлар бугунги кунда Туркиянинг миллий ширинлиги — баклава дунё миқёсида ушбу давлатнинг ташриф қоғозига айланганини, шу боис кўплаб хорижий мамлакатларда “Халқаро баклава фестивали” ташкил этиб келинаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар муштарак тил, дин, тарих ва маданий қадриятларга асослангани, бугунги кунда эса кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди. Шу муносабат билан хорижий томон навбатдаги фестивални Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги тадбирларни ўтказиш учун қулай манзил эканини, шунингдек, Туризм қўмитасининг соҳада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини яна бир бор намоён этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА