Ёш спортчилар чемпионлардан сабоқ олди
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш” спорт синовларининг 2026 йил мавсуми очилишига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этиш учун Андижонда бўлган Осиё ва Жаҳон чемпиони, Францияда бўлиб ўтган ёзги олимпияда ўйинлари олтин медали соҳибаси Диёра Келдиёрова ҳамда бокс бўйича жаҳон ва олимпияда чемпиони Ҳасанбой Дўсматов вилоятдаги қатор спорт таълим муассасаларида бўлиб, маҳорат дарслари, ёш спортчилар билан мулоқот ўтказди.
Чемпионлар Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуаси, Ўткирбек Ҳайдаров бокс мактаби ҳамда Андижон вилояти ихтисослаштирилган теннис мактабида бўлди.

Спортчилар иштирокидаги маҳорат сабоқлари ёш спортчилар учун мотивация бўлди. Улар талаба ва ўқувчи ёшларга спорт орқали инсон юксак натижаларга эришиши, ўзидаги интизом, ирода, қатъият ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаши мумкинлигини ўзларинг ҳаёти, спорт соҳасида эришган ютуқлари мисолида айтишди.
Маҳорат сабоқлари ёшларни спортга бўлган қизиқиш ва муҳаббатини оширишга, шу билан бирга, спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.