Хотира турнири ўтказилди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан тизим ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича хотира турнири ташкил этилди. Мусобақа бошқарма бошлиғи кубоги учун ўтказилди.
Тадбир аввалида тизимда узоқ йиллар фаолият юритиб, соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшган марҳум ходимлар хотираси ёдга олинди. Улар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, эзгу ишлари ҳурмат ва эҳтиром билан эсга олинди.


Шундан сўнг мусобақага старт берилди. Унда бошқарма, туман ва шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда бошқарма тасарруфидаги муассасалар ходимларидан ташкил топган жамоалар иштирок этди. Беллашувлар соғлом рақобат, ўзаро ҳурмат ва дўстона руҳда ўтди.

Мусобақа якунига кўра, бошқарма тасарруфидаги муассасалар терма жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Боёвут тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази жамоаси 2-ўринга, Мирзаобод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази жамоаси эса 3-ўринга сазовор бўлди.

Шунингдек, ўйин давомида алоҳида фаоллик кўрсатган иштирокчилар “Энг яхши тўп урар”, “Энг яхши ҳимоячи” ва “Энг яхши дарвозабон” номинациялари бўйича тақдирландилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири