Ёш муҳандислар — келажак таянчи
Бугунги кунда мамлакатимизда инновацион тараққиёт ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ёшларнинг билим ва салоҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Замонавий технологияларни ўзлаштирган, янги ғоя ва ечимлар таклиф қила оладиган авлодни тарбиялаш эса бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган рақамли иқтисодиёт, инновацион ривожланиш ва юқори технологияларни кенг жорий этиш сиёсати доирасида ёшларнинг муҳандислик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу устувор йўналишда “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ҳудудларда “Ёш муҳандис” кўрик-танлови ташкил этилмоқда.
Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад — космик технологиялар, робототехника ва муҳандислик соҳаларига қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш, уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда инновацион фикрлашини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Шу мақсадда Тошкент давлат аграр университети биносида “Ёш муҳандис” республика танловининг Тошкент вилояти ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Сирдарё вилояти ҳамда Жиззах вилоятидан 100 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди.
[gallery-28995]
Мазкур ташаббус ёшларнинг илмий-техник салоҳиятини юксалтириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ва энг муҳими, мамлакатимизда инновацион муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н. Раҳмонова, Н. Ҳайдаров (сурат), ЎзА