“Ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқланди
Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг китобхонлик ва китоб мутолааси маданиятини юксалтириш, маҳалла ёшлари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб мақсадида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёш китобхонлар иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида билимларини намойиш этди.
– “Ёш китобхон” ва китобхонликни тарғиб этишга қаратилган бошқа қатор танловлар самараси ўлароқ, юртимизда китобхон ва билимдон ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси бош мутахассиси Минҳожиддин Отабоев. – Жумладан, танловнинг вилоят босқичида ҳам барча ёш тоифалари бўйича иштирокчилар ўзларининг билимдон эканликларини кўрсатди.
Якуний натижаларига кўра, танловининг 10-14 ёш тоифаси иштирокчилари ўртасида Қўрғонтепа тумани вакиласи Мавлуда Исроилжонова энг юқори балл олиб, биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин шаҳрихонлик Дилнура Шавкатхўжаевага, учинчи ўрин эса Андижон тумани вакили Ўғилой Камолиддиновага насиб этди.
Танловининг 15-19 ёшли иштирокчилари ўртасида биринчи ўринни Қўрғонтепа тумани вакили Илҳомжон Исроилжонов, иккинчи ўринни Булоқбоши тумани вакили Шодиёна Раҳматжонова, учинчи ўринни Андижон туманидан Муслима Муҳаммадқобулова қўлга киритди.
Танловнинг 20-30 ёшли иштирокчилари ўртасида Хўжаобод тумани вакили Гулнигор Солиева биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Жалақудуқ тумани вакили Шоира Абдуваҳобовага, учинчи ўрин қўрғонтепалик Арофат Абдуғаниевага насиб этди.
Ўз ёш тоифасида биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
[gallery-28822]
– Қўлга киритган ушбу ютуғим мени янада руҳлантиради, қолаверса, зиммамга улкан масъулият юклайди, – дейди танлов ғолиби Гулнигор Солиева. – Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга астойдил ҳаракат қиламан.
Танловнинг барча ёш тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА