Ёш дизайнерларнинг миллий либослари намойиши
Нурафшон шаҳридаги “Ватанпарвар боғи”да ёшлар, мода ва миллий қадриятларни бирлаштирган йирик маданий лойиҳа — “Milliy Fashion Show”нинг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан Тошкент вилояти ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ва бошқа кўплаб ҳудудий ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда туман-шаҳарларнинг 10 нафар иқтидорли ёш дизайнерлари томонидан тайёрланган миллий ва замонавий либослар коллекциялари намойиш этилди. Айниқса, атлас ва адрас матоларидан тикилган, миллий каштачилик унсурлари билан бойитилган замонавий либослар томошабинларда катта таассурот қолдирди. Ҳар бир коллекцияда миллий қадриятлар ва замонавий мода уйғунлиги яққол намоён бўлди.

— Бу лойиҳага миллий матолардан тайёрланган 12 та замонавий андозалардаги либосларни намойиш қилдик, — дейди пискентлик якка тартибдаги тадбиркор Соҳиба Абдужабборова. — Тақдимот учун кўп вақт тайёргарлик кўрдик. Либослар ҳакамлар томонидан юқори баҳоланганидан хурсандман. Тикувчиликда фаолиятимни бошлаганимга 4 йил бўлган бўлса ҳам ҳозиргача 10 нафар шогирдим бор. Ўзимиз тайёрлаган либосларимизни ҳудудларда ўтказилаётган турли кўргазмаларда намойиш қиляпмиз. Аёллар, ёш қизларимизнинг қизиқиши катта бўляпти. Айниқса, ижтимоий тармоқларда миллий ва замонавий уйғунлашган либосларимиз оммалаштирилмоқда.

Тадбир давомида саҳнада миллий куй-қўшиқлар, ижодий чиқишлар ҳамда концерт дастурлари намойиш этилиб, тадбирга ўзгача шукуҳ бағишланди. Келган меҳмонлар ва ёшлар миллий мода намуналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Шунингдек, лойиҳада вилоят фаоллари, блогерлар, дизайнерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбир меҳмонлари томонидан лойиҳа ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш, миллий меросимизни асраб-авайлаш ва уни замонавий кўринишда тарғиб қилишга хизмат қилаётган муҳим ташаббус сифатида алоҳида эътироф этилди.

Ҳакамлар томонидан барча иштирокчиларнинг тақдимотлари юқори баҳоланди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Умуман олганда “Milliy Fashion Show” ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш, миллий мода индустриясини ривожлантириш ҳамда ўзбек миллий либосларини кенг тарғиб қилишга қаратилган йирик маданий лойиҳа сифатида барчада илиқ таассурот қолдирди.
А. Мусаев, ЎзА