“Sulton Tex Group” корхонаси барқарор ўсишни намойиш этмоқда
Бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик саноати жадал ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Замонавий технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш усуллари ҳамда халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши мамлакат иқтисодиётида ушбу тармоқнинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Ана шундай муҳим жараёнларнинг амалий ифодаси сифатида пойтахтимизда “TextileExpo Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмаси ташкил этилди.

“Sulton Tex Group” компанияси ходими Беҳзод Орзумуродов ЎзА мухбирига бу ҳақда маълумот берди:
– Мазкур кўргазма тўқимачилик саноатидаги илғор тажрибаларни намойиш қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги бизнес алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Корхонамиз Ўзбекистон текстиль саноатида тез ривожланаётган йирик компаниялардан бири ҳисобланади. У замонавий технологиялар, экспорт салоҳияти ҳамда сифатли маҳсулотлари билан халқаро бозорда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
10 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритаётган корхонада пахта етиштиришдан бошлаб ип-калава, мато ва тайёр кийим ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар тўлиқ амалга оширилади. Бу эса маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишда муҳим ўрин тутади.
Ўз имкониятларимизни намойиш этишда яқиндан кўмак берган “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Негаки, бугун биз маҳаллий ва хорижий компаниялар фаолияти билан яқиндан танишдик. Умуман олганда, “TextileExpo Uzbekistan 2026” кўргазмаси мамлакат тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий компанияларни дунё бозорига олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Бахтибек Мамасодиқов,
ЎзА