Йўрға тувалоқлар табиат қўйнига қўйиб юборилди
Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда “Falson Hunting Solutions” МЧЖ ҳамкорлигида Нурота ва Навбаҳор туманларининг чўл ҳудудларига жами 778 та йўрға тувалоқ табиат қўйнига қўйиб юборилди.
Сўнгги йилларда экология соҳасида қабул қилинаётган дастурлар ва қонунчилик ҳужжатлари асосида ноёб турларни сақлаш, чўл экотизимларини муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ташаббус ҳам юртимизда биохилма-хилликни асраш, ноёб ҳайвонот ва қуш турларини муҳофаза қилиш, уларнинг табиий популяциясини тиклаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий муҳитга қўйиб юборилган йўрға тувалоқлар янги шароитга мослашиб, кўпайиши натижасида ушбу ноёб қуш турининг сони ортиши кутилмоқда. Бу эса нафақат экологик мувозанатни сақлаш, балки келажак авлод учун бой табиий меросни асраб қолишга ҳам хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири