Рақамли даврда болани қандай ҳимоя қилиш мумкин?
Бугун ахборот технологиялари жадал ривожланаётган, сунъий интеллект кундалик ҳаётга кириб келган, ижтимоий муносабатларнинг катта қисми рақамли муҳитга кўчган шароитда болалар дуч келаётган хавф-хатарлар ўзгарди. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатларида бола ҳуқуқларига оид қонунчилик тубдан янгиланмоқда. Бу ислоҳотлар мазмунан турлича бўлса-да, уларнинг мақсади ягона — бола учун хавфсиз, адолатли ва барқарор ҳуқуқий муҳит яратиш. Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, бугун давлатлар алоҳида қонунларни қабул қилиш билан чекланмаяпти. Аксинча, бола ҳуқуқларини таъминлашнинг мутлақо янги моделини шакллантирмоқда.
Мазкур ёндашув, аввало, тўртта устувор йўналишга таянади: рақамли маконда болалар хавфсизлигини таъминлаш; ҳуқуқбузарлик ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган профилактик механизмларни кучайтириш; бола ва оилани давлат ижтимоий сиёсатининг марказий объекти сифатида эътироф этиш ҳамда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институтларни замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш.
Сўнгги йилларда энг катта ўзгаришлар айнан рақамли муҳитни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида кузатилмоқда. 2024 йил охирида Австралия парламенти халқаро миқёсда катта муҳокамаларга сабаб бўлган қонунни қабул қилди. Унга кўра, ўн олти ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт очиши тақиқланди. Энг муҳими, мазкур талабга риоя этиш масъулияти рақамли платформаларнинг ўзига юклатилди. Энди улар фойдаланувчилар ёшини ишончли усуллар билан текшириши шарт. Акс ҳолда, катта миқдордаги жарималар қўлланилади.
Бу ёндашувнинг мазмуни оддий. Агар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш учун автомобиль ишлаб чиқарувчилари хавфсизлик камари ёки ҳаво ёстиқчасини ўрнатиши шарт бўлса, рақамли платформалар ҳам болалар хавфсизлиги учун ҳуқуқий масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Демак, муаммонинг ечими рақамли муҳитнинг ўзи хавфсиз бўлишини таъминлашдир.
Австралия бу борада якка эмас. Норвегия ижтимоий тармоқлар учун ўн олти ёш чегарасини таклиф қилмоқда. Франция, Италия ва Греция ўн беш ёшлик чеклов моделини ривожлантиряпти. Бу жараён Европа билан чекланиб қолгани йўқ. Қозоғистон ва Озарбайжонда ҳам болаларнинг рақамли хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда.
Бироқ, бу ислоҳотларнинг мазмуни ёш чекловларини белгилаш билан тугамайди. АҚШнинг айрим штатларида вояга етмаганлар учун алгоритмлар асосида шакллантириладиган контент ленталари, тунги вақтда хабарномалар юбориш ва ёшни текшириш механизмларига нисбатан қўшимча талаблар жорий этилмоқда. Европа Иттифоқида эса болалар аккаунтларини автоматик равишда махфий режимда юритиш, тавсия этувчи алгоритмларни қайта созлаш, қарамликни кучайтирувчи функцияларни чеклаш ҳамда сунъий интеллект асосида ишлайдиган рақамли хизматларга нисбатан қўшимча хавфсизлик талабларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, давлатлар боланинг рақамли шахсиятини ҳам мустақил ҳуқуқий қадрият сифатида ҳимоя қилишга киришди. Масалан, Нью-Йорк штати болаларнинг шахсий маълумотларини уларнинг розилигисиз йиғиш ва қайта ишлашни чеклаган бўлса, Франция айрим ҳолларда боланинг суратини унинг манфаатларига зид равишда оммага тарқатишни суд орқали тақиқлаш имкониятини яратди.
Зарарли ахборотдан муҳофаза қилиш ҳам устувор вазифага айланмоқда. Қозоғистон суицид ва зўравонликни тарғиб қилувчи материалларга қарши ҳуқуқий чораларни кучайтирди. Беларусь компьютер ўйинларини ёш тоифалари бўйича мажбурий белгилаш тизимини жорий қилди. Бразилия таълим жараёнида электрон қурилмалардан фойдаланишни чеклади. Дания эса мактабгача таълим муассасаларида рақамли қурилмалардан фойдаланишни қисқартиришга қарор қилди.
Давлатлар рақамли муҳитнинг ўзига янги ҳуқуқий талаблар қўйишга ўтмоқда. Энди асосий вазифа технологияларни болалар ҳуқуқлари талабларига мослаштиришдан иборат. Ана шу ёндашув XXI асрда бола ҳуқуқлари соҳасида шаклланаётган энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий тенденциялардан бирига айланаётир.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро тажриба яна бир муҳим хулосани кўрсатмоқда: давлатлар эндиликда ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга устувор аҳамият бермоқда. Агар аввал болаларни ҳимоя қилиш асосан жазони кучайтириш билан боғланган бўлса, бугунги ислоҳотлар хавфни эрта аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган профилактик ёндашувга таянмоқда.
Бу тенденция, айниқса, болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашда яққол намоён бўлмоқда. Масалан, Нидерландия онлайн таъқиб ва интернет орқали шаҳвоний мазмундаги ёзишмаларни мустақил жиноят сифатида эътироф этди. Қирғизистон эса болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтирди. Бироқ, энг муҳим янгилик хавф туғдирувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тизимли механизмларни жорий этишдадир.
Польшада болалар билан ишловчи барча муассасалар учун ягона ҳимоя стандартлари қабул қилинди. Энди мактаб, боғча, спорт тўгараги ёки бошқа муассаса болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир хил талабларга амал қилади. Бу ёндашувни оддий ҳаётий мисол билан тушунтириш мумкин: ёнғин чиққанидан кейин уни ўчиришдан кўра, бинони ёнғинга қарши талаблар асосида қуриш самаралироқ. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам худди шундай ёндашув устувор бўлиб бормоқда.
Финляндияда эса янада самарали механизм шакллантирилди. “Barnahus” модели доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шифокорлар, психологлар ва ижтимоий хизматлар бир тизимда ишлайди. Натижада жабрланган бола турли идораларга қатнаб юришга мажбур бўлмайди. Аксинча, давлат хизматлари унинг атрофида бирлашади. Бу эса боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсирни камайтириш билан бирга, муаммони тезкор ҳал этиш имконини ҳам яратади.
Хорижий тажриба яна бир муҳим ҳақиқатни тасдиқламоқда. Бола ҳуқуқларини таъминлашни оила институтисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки боланинг ҳуқуқлари энг аввало соғлом, барқарор ва меҳр-оқибатли оила муҳитида рўёбга чиқади.
Шу сабабли кўплаб давлатларда ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, фарзанд тарбиясида ҳар икки ота-онанинг иштирокини таъминлаш ҳамда ажрашиш ҳолатларида ҳам боланинг манфаатларини биринчи ўринга қўйишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар жорий этилмоқда.
Масалан, Германия ва Польшада биргаликдаги васийлик институти кенг қўлланилмоқда. Бу боланинг ҳар икки ота-она билан муносабатини сақлаб қолишга хизмат қилади. Қирғизистонда алимент ундириш тартиби соддалаштирилди. Бу эса боланинг моддий таъминотини тезроқ ҳал қилиш имконини бермоқда. Беларусьда эса оилавий муносабатларда масъулият маданиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу мисоллардан кўринадики, замонавий давлатлар учун бола ҳуқуқларини таъминлаш оилани мустаҳкамлашдан ажралмас жараён ҳисобланади. Зеро, мустаҳкам оила бола ҳуқуқларининг энг ишончли кафолатидир.
Сўнгги йилларда давлатлар сиёсатида яна бир муҳим ёндашув шаклланди. Болаларга ажратиладиган маблағлар мамлакат келажагига киритилаётган инвестиция сифатида баҳоланмоқда.
Бу сиёсат турли мамлакатларда турлича намоён бўлмоқда. Япония ва Польша болалар нафақаларини ошириш орқали оилаларни қўллаб-қувватлаётган бўлса, Молдова ногиронлиги бўлган болалар учун автоматик моддий ёрдам тизимини йўлга қўйди. Қозоғистон эса янада узоқ муддатли механизмни танлади. Унда миллий жамғарма даромадларининг бир қисми ҳар бир бола номига жамғарилиб, унинг келажаги учун молиявий асос яратилади.
Бу ёндашув оддий ҳақиқатга таянади: болага сарфланган маблағ харажат эмас. Соғлом, билимли ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш орқали давлат ўзининг эртанги иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини шакллантиради. Шу боис болани ижтимоий таъминот билан қўллаб-қувватлаш инсон капиталига қаратилган стратегик инвестиция сифатида қаралмоқда.
Қиёсий таҳлил яна бир муҳим тенденцияни кўрсатади. Боланинг ҳуқуқий мақоми ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Илгари бола асосан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахс сифатида қаралган бўлса, бугун у мустақил ҳуқуқ эгаси сифатида эътироф этилмоқда.
Бу ўзгариш Германияда болаларнинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтириш ташаббусларида, Данияда боланинг эшитилиш ҳуқуқини қонун даражасида кафолатлашда, Финляндияда эса васийлик муассасалари фаолияти устидан суд назоратини кучайтиришда ўз ифодасини топмоқда.
Мазкур ислоҳотларнинг барчасини бирлаштирувчи ғоя битта: бола энди давлат ҳимояси объектигина эмас, балки ўз ҳуқуқлари ва манфаатларига эга мустақил шахс сифатида қаралмоқда. Бу эса XXI аср бола ҳуқуқлари сиёсатидаги энг муҳим концептуал ўзгаришлардан биридир.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро тажриба фақат ҳуқуқий муносабатлар билан чекланмайди. Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш сиёсати ҳам мутлақо янги мазмун касб этмоқда. Агар аввал асосий эътибор касалликни даволашга қаратилган бўлса, бугунги ислоҳотлар боланинг соғлом ўсиши учун зарур муҳитни яратиш, касалликларнинг олдини олиш ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда.
Бу ёндашувни турли давлатлар тажрибасида кўриш мумкин. Янги Зеландия болаларни тўлиқ эмлаш қамровини оширишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Испания зўравонликдан жабрланган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона тизимини шакллантириш билан бирга, ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи оилаларни ҳомиладорлик давридан бошлаб кузатиш амалиётини ривожлантирмоқда.
Бу борада Сингапур тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатда ташкил этилган “Family Nexus” марказлари орқали соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва ота-оналарни қўллаб-қувватлаш бир тизимга бирлаштирилди. “Parent Hub” рақамли платформаси эса ота-оналарга болани парвариш қилиш, овқатлантириш ва тарбиялаш бўйича ишончли маълумотларни ягона манбадан олиш имконини берди. Натижада давлат муаммо келиб чиққанидан кейин эмас, балки унинг олдини олиш босқичидаёқ оилаларга амалий кўмак кўрсатмоқда.
Айрим мамлакатлар эса болалар саломатлигига салбий таъсир этувчи ташқи омилларни чеклашга алоҳида эътибор қаратаётир. Масалан, Данияда болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасини чеклаш режалаштирилган. Қозоғистонда таълим муассасалари учун янги овқатланиш стандартлари жорий қилиниб, миллий эмлаш тақвими кенгайтирилди.
Мазкур мисоллар болалар саломатлигини муҳофаза қилиш энди фақат шифокорлар вазифаси эмаслигига ишора қилмоқда. У таълим, ижтимоий ҳимоя, ахборот сиёсати ва оила институтини қамраб олган комплекс давлат сиёсатига айланмоқда.
Шу билан бирга, дунё мамлакатлари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини ҳам янгиламоқда. Қонун қабул қилишнинг ўзи етарли эмаслиги англаниб, уни самарали амалга оширадиган институтлар фаолияти такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, Қозоғистон ҳудудий болалар омбудсмани институтини жорий этди ва болалар манфаатларига қаратилган миллий концепцияни қабул қилди. Қирғизистон БМТнинг бола ҳуқуқларига оид тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий режани тасдиқлади. Озарбайжонда эса болалар ҳақидаги маълумотларни ягона электрон базада юритишга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Бу тажрибалардан англашиладики, бола ҳуқуқларини таъминлаш барча идораларнинг мувофиқлашган фаолиятини талаб этадиган умумдавлат вазифасига айланмоқда.
Турли қитъалар ва турли ҳуқуқий тизимларга мансуб мамлакатлар тажрибаси бир-биридан фарқ қилса-да, уларни бирлаштирувчи умумий қонуниятлар мавжуд.
Аввало, бола ҳуқуқлари эндиликда давлат ижтимоий сиёсатининг тор йўналиши эмас. У рақамли тараққиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва давлат бошқарувини қамраб олган комплекс сиёсатга айланмоқда.
Иккинчидан, давлатлар жазоловчи ёндашувдан профилактик ёндашувга ўтмоқда. Энди асосий эътибор юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан бартараф этишга қаратилмоқда.
Учинчидан, бола тобора мустақил ҳуқуқ эгаси сифатида эътироф этилмоқда. Бу эса унинг фикри, манфаатлари ва ҳуқуқларини давлат қарорлари марказига олиб чиқмоқда.
Тўртинчидан, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда давлатлар технологияларни болалар ҳуқуқлари талабларига мослаштириш йўлини танламоқда.
Ниҳоят, болага сарфланаётган маблағлар мамлакатнинг келажак тараққиётига қаратилган энг муҳим инвестиция сифатида баҳоланмоқда.
Бу хулосалар биз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва болалар манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан, жаҳонда шаклланаётган умумий ҳуқуқий тенденцияларни англаш ва миллий қонунчиликни улар асосида такомиллаштириш учун ўрганиш муҳим.
Айниқса, рақамли хавфсизликни таъминлаш, профилактикага асосланган ҳимоя тизимини кучайтириш, болаларга хизмат кўрсатувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, замонавий ахборот тизимларини ривожлантириш ҳамда ҳар қандай қарор қабул қилишда боланинг энг яхши манфаатларини устувор мезон сифатида белгилаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
XXI аср бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги босқични бошлаб берди. Энди масала болани мавжуд хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш билан чекланмайди. Асосий вазифа — унинг тўлақонли ривожланиши учун хавфсиз, адолатли ва имкониятларга бой ҳуқуқий муҳитни яратиш.
Зеро, болага берилган ҳуқуқий кафолатлар ҳар қандай давлатнинг эртанги тараққиёти, интеллектуал салоҳияти ва барқарор келажагига қўйилган энг ишончли сармоядир.
Отабек РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти
Бош илмий ходими
ЎзА