Yonhap: Жанубий Корея келажак технологияларига сармояни оширади
Жанубий Корея сунъий интеллект ва чиплар саноатидаги ўсиш туфайли кўпайиши кутилаётган солиқ тушумларини янги “Келажак жамғармаси”га йўналтирмоқчи. Ҳукумат бу маблағни бир марталик харажатларга эмас, узоқ муддатли иқтисодий ўсишга сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – Yonhap хабар берди.
Жамғарма ёшлар, таълим, ҳудудларни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётининг янги йўналишларига сармоя киритиш учун хизмат қилади. Ёшларни иш билан таъминлаш, уй-жой, оила қуриш ва фарзандли бўлиш масалалари ҳам дастур доирасида қўллаб-қувватланади.
Маблағнинг асосий қисми сунъий интеллект, кичик модулли атом реакторлари, ядровий синтез, қайта тикланувчи энергия, квант технологиялари, аэрокосмос ҳамда замонавий материаллар ва бутловчи қисмлар таъминоти каби соҳаларга йўналтирилади. Жамғарманинг аниқ ҳажми ҳали маълум эмас. Мутахассислар уни 60-70 триллион вон атрофида баҳоламоқда, айрим ҳисоб-китобларга кўра, сумма 100 триллион вонгача етиши мумкин.
Сеул таълим маблағларини тақсимлаш тартибини ҳам ўзгартирмоқчи. Бунга ўлкада 3–17 ёшли болалар сони 2010 йилдаги 8,8 миллиондан 2025 йилда 5,91 миллионга камайгани сабаб бўлмоқда. Янги тартибда маблағ ажратишда иқтисодий ўсиш, аввалги йилдаги кўрсаткичлар ва аҳоли таркибидаги ўзгаришлар ҳисобга олинади. Режа жорий йил 1 сентябрда ҳукумат мажлисида, 3 сентябрда эса Миллий ассамблеяда кўриб чиқилади.
(Ушбу мақола ЎзА ва Yonhap ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди)
Мусулмон Зиё, ЎзА