Нидерландия тропик ўрмонларни муҳофаза қилиш учун 500 миллион доллар ажратмоқчи
Нидерландия ҳукумати келгуси ўн йил давомида тропик ўрмонларни муҳофаза қилишга қаратилган халқаро жамғармага 500 миллион долларгача маблағ йўналтиришни режалаштирмоқда.
Таъкидланишича, маблағлар тропик ўрмонларни доимий муҳофаза қилиш жамғармаси — Tropical Forest Forever Facility (TFFF) ташаббусини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Ушбу механизм ўрмонларни сақлаб қолаётган мамлакатларни молиявий рағбатлантиришга хизмат қилади.
Жамғарма капиталини 125 миллиард долларга етказиш, шундан 100 миллиард долларини хусусий инвестициялар ҳисобидан шакллантириш кўзда тутилган. Дастлабки режага кўра, ўрмонларни асраб қолган давлатларга ҳар гектар учун йилига тахминан 4 доллар тўланади. Ўрмонлар ҳолати сунъий йўлдошлар орқали назорат қилинади.
Ташаббус 900 миллион гектаргача тропик ўрмонларни муҳофаза қилишни мақсад қилган. Нидерландия ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаётган Бразилия, Индонезия, Буюк Британия, Норвегия, Франция ва Германия каби давлатлар қаторига қўшилмоқда.
Нидерландия ҳукумати баёнотига кўра, жамғарма Жаҳон банки иштирокида шакллантирилмоқда. Уни тўлиқ ишга туширишга тайёргарлик ишлари 2027 йил ўрталарида якунланиши кутилмоқда.
А.Маматов, ЎзА