“Йўловчи” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда
“Йўловчи” лойиҳаси Ўзбекистонда пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва ёшлар ўртасида йўл ҳаракати маданиятини юксалтиришга қаратилган махсус ижтимоий тарғибот лойиҳасидир.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан биргаликда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва аҳолининг йўл ҳаракати маданиятини юксалтиришга қаратилган “Йўловчи” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Лойиҳаси доирасида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети талаба-ёшлари билан очиқ мулоқот қилинди.
Мулоқотда пиёдалар ўтиш жойидан хавфсиз фойдаланиш, йўл белгилари ва светофорга риоя қилиш, йўлни кесиб ўтишда телефон ҳамда қулоқчинлардан фойдаланиш хавфи ҳақида сўз юритилди. Талабалар ўз саволларига мутахассислардан жавоб олди.

Қайд этилганидек, “Йўловчи” лойиҳаси оддий, аммо муҳим ишорани тарғиб қилади. Пиёда ўтиш жойида қўлини кўтариб, йўлни кесиб ўтиш ниятини ҳайдовчига билдиради. Бироқ ҳаракатни фақат транспорт воситалари тўлиқ тўхтаганига ишонч ҳосил қилгач бошлаш керак.
Биргина ишора ҳайдовчини огоҳлантириши, биргина эътибор эса инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Шунингдек, лойиҳа доирасида илгари сурилаётган “қўл кўтариб ўтиш” одатининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Қайд этилганидек, пиёданинг йўлни кесиб ўтишдан аввал қўл кўтариши ҳайдовчи эътиборини ўзига қаратиб, хавфсиз ҳаракатланишга хизмат қилиши мумкин.

Тадбир якунида ёшлар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш, ўз ҳаёти ва атрофдагилар хавфсизлигига масъулият билан ёндашишга чақирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА