Йўл нархи 7 мингдан 5 минг сўмга туширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани “Жалпақ жап” овул фуқаролар йиғини аҳолисининг ташаббуси туфайли ҳудуддаги муҳим ижтимоий муаммо ўз ечимини топди.
Ушбу овул фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Қайипов ва Ф.Ембергенов Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ёрдам сўраб мурожаат йўллади. Унда “Айтеке янги талаб” аҳоли пунктидан Халқобод шаҳарчасига йўловчи ташиш билан шуғулланаётган енгил машиналарнинг йўл ҳақи нархи юзасидан норозиликлар билдирилган.
Ўртача 12 километрлик масофага қатнайдиган такси хизмати илгари ҳар бир кишидан 5 минг сўм олиб келинган бўлса, кейинчалик "газ йўқ" деган баҳона билан йўл нархи 10 минг сўмга кўтарилиб кетган. Аммо газ билан боғлиқ ҳолатлар барқарорлашганига қарамай, такси ҳайдовчилари 7 минг сўмдан қатновни давом эттирган. Бу ҳолат ҳудуд аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.
Бу масала бўйича Кегейли тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳолатни зудлик билан назоратга олди. Ўтказилган ўрганиш ишлари ва ҳудуддаги такси ҳайдовчиси хизматини кўрсатувчилар билан олиб борилган суҳбатлар ўз самарасини берди.
Натижада, ҳудуд аҳолиси билан йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчилар ўртасида ўзаро келишувга эришилди ва йўл кира нархи ҳар бир йўловчи учун 5 минг сўм этиб белгиланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири