Пекинда Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ҳақидаги китобнинг хитойча нашри тақдим этилди
Пекинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида” китобининг хитой тилидаги нашри тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Хитой давлат идоралари, илмий ва эксперт доиралари, ишбилармонлар, ОАВ ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берган.
Хитойнинг «Женмин» нашриётида чоп этилган китоб саккиз бобдан иборат бўлиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг БМТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан алоқалари, шунингдек Марказий Осиёнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги ўрни каби мавзуларни қамраб олган.
Давлат раҳбарининг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид нутқлари, маърузалари, хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган интервью ва мақолалари киритилган нашрда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни, миллий тараққиётнинг устувор вазифалари ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари акс этган.
Тақдимотда китоб Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларни хитойлик ўқувчиларга етказиш, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси (ХКП МҚ) Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин ушбу воқеани Ўзбекистон – Хитой шериклиги ривожи йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Пекин Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт ва модернизация йўлини қўллаб-қувватлашга тайёр.

ХКП МҚ Тарғибот бўлими мудири ўринбосари Хон Даён эса асарни ўзаро гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшилган муҳим ҳисса, деб атади. У сиёсий мулоқот билан бирга маданий ва интеллектуал ҳамкорлик ҳам муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси президенти Фу Сяоцян нашр Ўзбекистондаги модернизация жараёнини чуқурроқ англаш имконини беришига урғу берди.
– Китобда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг стратегик мазмуни, мамлакатнинг замонавий ривожланиши ва ташқи сиёсат мақсадлари очиб берилган, – деди у. – Мазкур нашр Хитой аудиторияси Ўзбекистондаги модернизация жараёнини чуқур ўрганишига ёрдам беради.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари Пяо Янфан китоб Ўзбекистондаги ислоҳотлар кўлами ва мазмунини англаш учун муҳим манба эканини таъкидлади. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
Унинг фикрича, изчил ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва иқтисодий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Китоб эса Хитой ва ШҲТга аъзо бошқа давлатларда Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётига бўлган қизиқишни кучайтириб, ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашади.

Хитой ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори ўринбосари Пан Дапен ҳам асарнинг аҳамиятини қайд этди. Унинг таъкидлашича, китоб Ўзбекистондаги ислоҳотлар босқичларини, ички ривожланиш ва ташқи сиёсат ўртасидаги боғлиқликни изчил ёритган.
Тақдимотда билдирилган фикрларга кўра, ушбу китоб хитой тилида чоп этилиши Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт тажрибасини кенгроқ тарғиб этиш, икки халқ ўртасидаги билим ва ахборот алмашинувини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг гуманитар йўналишини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА