Йирик инвестиция сари янги қадам
Жиззах вилоятида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат тармоқларига илғор технологияларни жалб этиш ҳамда халқаро шерикликни кенгайтиришга қаратилган ишлар амалий натижалар билан бойиб бормоқда. Бу борада Хитой Халқ Республикасининг “Beijing Longmu Holding Group” компанияси делегациясининг вилоятга ташрифи ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим воқеалардан бири бўлди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари вилоят ҳокимининг дашт ва чўл ҳудудларда саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Эгамов билан музокара ўтказди. Учрашувда Жиззах вилоятининг инвестиция салоҳияти, аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, чорвачилик тармоғини модернизация қилиш бўйича белгиланган устувор вазифалар, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити ва давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар юзасидан атрофлича маълумот тақдим этилди.

Бугунги кунда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтиришда чорвачилик ва қайта ишлаш саноатига инвестицияларни кенг жалб этиш устувор вазифалардан бирига айланган. Шу маънода Жиззах вилоятида шаклланган ишлаб чиқариш қувватлари, ер ва табиий ресурслар, транспорт-коммуникация имкониятлари ҳамда инвесторлар учун яратилган шароитлар хорижий компанияларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ меҳмонлар Шароф Рашидов туманида жойлашган “Milk Foods” чорвачилик ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш мажмуаси ҳамда Зомин туманида фаолият юритаётган “Jizzax Organic” миллий қишлоқ хўжалиги кластери билан яқиндан танишди. Корхоналарда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, уларни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича йўлга қўйилган замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари Хитой компанияси вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Музокараларда Зарбдор туманининг чорвачиликни янада ривожлантириш борасидаги имкониятлари алоҳида тақдим этилди. Ҳудудда наслли қорамолчиликни кенгайтириш, юқори маҳсулдорликка эга замонавий чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш, инновацион технологиялар ҳамда самарали бошқарув тизимларини жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Бу каби лойиҳалар маҳсулот ҳажми ва сифати ошиши билан бирга, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишига ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки амалий натижаларига эришилди. Жумладан, “Jizzax Organic” кластери фаолиятини кенгайтириш мақсадида биринчи босқичда 1000 бош наслли қорамол олиб келиш ҳамда “Beijing Longmu Holding Group” томонидан лойиҳага 15–20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Мазкур келишув чорвачилик соҳасида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, юқори маҳсулдорликка эга наслчиликни ривожлантириш ва тармоққа замонавий технологияларни жорий этиш учун муҳим асос бўлади.

Музокаралар давомида яна бир истиқболли ташаббус ҳам илгари сурилди. Унга кўра, “Jizzax Organic” раҳбарияти томонидан Зарбдор туманидаги чорвачилик комплекси негизида Марказий Осиё давлатларига хизмат кўрсатувчи замонавий “Logistik HUB” (товарлар оқими бошқариладиган йирик тақсимлаш маркази) ташкил этиш таклиф этилди. Бундай марказнинг ишга туширилиши ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, маҳсулотларни ташқи бозорларга тезкор етказиб бериш, логистика харажатларини камайтириш ва минтақавий таъминот занжирини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Томонлар музокаралар якунида наслчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олишди.

Хитойнинг “Beijing Longmu Holding Group” компанияси делегациясининг Жиззах вилоятига ташрифи иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажриба ва замонавий технологияларни ҳудудга жалб этиш, агросаноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги муҳим амалий қадам сифатида аҳамият касб этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири