Комбинат темир йўл инфратузилмаси яхшиланмоқда
Мамлакатимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида иқтисодиёт тармоқларини технологик жиҳатдан янгилаш, замонавий муҳандислик ечимларини жорий этиш ва ички логистика тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар Навоий кон-металлургия комбинати мисолида ҳам ўзининг амалий натижаларини намоён этмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатида темир йўл транспорти ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминловчи асосий бўғинлардан бири ҳисобланади. Конлардан қазиб олинаётган олтин таркибли маъданни гидрометаллургия заводларига етказиш, ишчи-ходимларни иш жойларига хавфсиз ва ўз вақтида олиб бориш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирининг барқарорлигини таъминлашда мазкур тизим муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда комбинат таркибидаги иккита темир йўл транспорти бошқармаси ва битта темир йўл цехида қарийб икки минг нафар соҳа ходими меҳнат қилмоқда.

– Сўнгги йилларда комбинатда темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, янги темир йўл тармоқларини барпо этиш, локомотив ва вагонлар паркини босқичма-босқич янгилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “НКМК” АЖ Темир йўл транспорти бўлими бошлиғи Зафар Сайемов. – Жорий йилда Марказий кон бошқармаси Темир йўл транспорти бошқармаси томонидан “Мурунтов” конида 1,2 километрдан ортиқ янги темир йўл тармоғи қурилди. Шунингдек, ойига қарийб 500 минг тонна маъданни 2-гидрометаллургия заводига етказиш қувватига эга “Шимолий” маъдан юклаш пункти ишга туширилди. Яна бир муҳим лойиҳа сифатида 5-гидрометаллургия заводи билан “Ауминзо-Амантой” кони ўртасида 6,3 километрлик янги темир йўл линияси барпо этилди. Мазкур инфратузилма объектлари ташиш жараёнини тезлаштириш, ёқилғи-мойлаш материаллари сарфини камайтириш ва логистика самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳозирги кунда инфратузилмани кенгайтириш ҳамда ҳаракат таркибини замонавий техника билан таъминлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, “Қоқпатас ва Довғистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестиция лойиҳаси доирасида Шимолий кон бошқармаси Темир йўл транспорти бошқармасига юқори техник-иқтисодий кўрсаткичларга эга янги тепловозлар ҳамда ўзи ағдарувчи думпкар вагонлари келтирилди.
Бу каби янгиланишлар натижасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида гидрометаллургия заводларига 38 миллион тоннадан ортиқ маъдан ташилди. Йил якунига қадар эса ушбу кўрсаткични 75 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Бу эса комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

Темир йўл транспорти тизимида рақамлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Профилактик таъмирлаш жараёнларини рақамли бошқариш, ҳаракатни автоматлаштирилган тизимлар орқали назорат қилиш – эксплуатация самарадорлигини ошириш, техник носозликларнинг олдини олиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш имконини бермоқда. Шу билан бирга, жорий йилда соҳада меҳнат қилаётган 300 нафарга яқин ходим учун замонавий техника ва технологиялар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Темир йўл инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган ишлар нафақат комбинат ички логистикасини такомиллаштирмоқда, балки қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва мамлакат иқтисодиёти барқарор тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири