Яширишга уринган гаровдаги машина хатланди
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бюро вилоят бошқармаси иш юритувида қарздор У. Б. дан ундирувчи акциядорлик тижорат "Капиталбанк" фойдасига жами 278 миллион 132 минг 703 сўм миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлган.
– Ижро ҳаракатлари давомида мазкур қарз мажбуриятларини таъминлаш учун гаровга қўйилган, қиймати 266 миллион сўмга тенг бўлган автотранспорт воситаси белгиланган тартибда қидирувга берилган эди, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқов. – Бошқарма ҳамда тегишли масъул хизматлар томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида ушбу автотранспорт воситасининг жойлашган манзили аниқланиб, транспорт воситаси хатланди.

Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, хатланган мол-мулк белгиланган тартибда баҳоланиб, қарздорликни қоплаш мақсадида кейинги ижро ҳаракатлари амалга оширилади.
Мажбурий ижро бюроси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида, тўлиқ ижросини таъминлаш, шунингдек, кредиторларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил ишларни давом эттирмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири