Сенат қўмитаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга эътибор қаратди
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг хизматини муносиб эътироф этиш ҳамда фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолатига оид масалалар муҳокама қилинди.
"Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Муҳокама мобайнида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарликлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва энг муҳими, инсон ҳаёти ҳамда саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу ташаббус профилактика инспекторларининг фидокорона меҳнатини эътироф этиш, касб нуфузини ошириш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини рағбатлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Сўзга чиққанлар соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, хавфли жараёнларни барвақт аниқлаш ва илмий асосда прогноз қилиш, идоралараро ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича масъул идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА