“Яширин олам қирралари” V халқаро рассомлар кўргазмаси
Ўзбекистон Бадиий академиясининг "Академия" галереясида “Яширин олам қирралари” V халқаро рассомлар симпозиум-пленари доирасида ташкил этилган кўргазманинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
“Ўрал Тансиқбоев” жамоат фонди ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган моҳир рассомларнинг пленар давомида яратган асарлари намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, ҳар бир картина муаллифнинг табиат ва инсон уйғунлиги, тарихий хотира, миллий қадриятлар ҳамда замонавий бадиий тафаккур ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларини ўзида мужассам этди.
Мазкур халқаро маданий лойиҳа санъат орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон халқ рассоми, буюк мусаввир Ўрал Тансиқбоевнинг бой бадиий меросини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Экспозициядан ўрин олган асарлар Марказий Осиёнинг бетакрор табиати, қадимий масканлари ва бой маданий меросини замонавий тасвирий санъат нигоҳида талқин этади. Ранг ва композициянинг ўзига хос ечимлари орқали рассомлар табиатнинг нафис гўзаллиги, инсон қалбининг кечинмалари ва турли халқларнинг муштарак маънавий қадриятларини юксак бадиий маҳорат билан ифодалаган.

Кўргазма турли мамлакатлар рассомларини ягона ижодий майдонда бирлаштириб, турфа бадиий мактаблар, услублар ва эстетик қарашлар ўртасидаги самарали мулоқот учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда. Бу ерда намойиш этилган ҳар бир асар нафақат муаллифнинг индивидуал ижодий қарашларини, балки замонавий тасвирий санъатнинг янги изланишлари ва бадиий тафаккурдаги долзарб тенденцияларни ҳам яққол намоён этади.

Кўргазмада меҳмонлар рассомлар билан бевосита мулоқот қилиб, ҳар бир асар ортидаги ғоя, илҳом ва ижодий изланишлар билан яқиндан танишди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА