Музейларда 500 дан ортиқ экспонат йўқолган
Музей — халқнинг тарихи, хотираси ва маданий мероси сақланадиган муқаддас маскан. У ердаги ҳар бир экспонат ўтмишдан қолган ноёб гувоҳ, келажак авлод учун эса бебаҳо мерос ҳисобланади.
Шу боис музей фондларидаги ҳар бир ашёнинг сақланиши давлат ва жамият олдидаги муҳим вазифа.
Республика давлат музейларида олиб борилган кенг кўламли хатлов ишлари ана шу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди. Текширувлар давомида “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиалларида қарийб 500 та, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида эса 16 та экспонат фонд ҳисобида мавжуд бўлсада, амалда топилмагани аниқланди.
Бу оддий статистика эмас. Ҳар бир йўқолган экспонат — тарихнинг бир бўлаги, миллат хотирасининг бир саҳифаси демак. Агар уларнинг айримлари ягона нусхадаги ноёб буюмлар бўлса, уларнинг йўқолиши моддий эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам катта йўқотиш ҳисобланади.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларни аниқлаш мақсадида прокуратура органларига тақдим этилди. Энди текширувлар ушбу экспонатлар қачон ва қандай шароитда йўқолгани, улар учун масъул шахслар ким эканини ойдинлаштириши кутилмоқда.
Мутахассислар фикрича, музей фондларини рақамлаштириш, ҳар бир экспонатнинг электрон паспортини яратиш, замонавий кузатув тизимларини жорий этиш ҳамда мунтазам мустақил хатлов ўтказиш бундай ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда музей фондларини хатловдан ўтказиш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда. Бу жараён фақат камчиликларни аниқлаш эмас, балки миллий маданий меросни келажак авлод учун тўлиқ сақлаб қолишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА