“Яшил қалқон” барпо этилмоқда
Сирдарё вилоятининг Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларида шамол эрозияси ва қум кўчишининг олдини олиш мақсадида умумий узунлиги 84 километр бўлган муҳофаза дарахтзорлари барпо этилмоқда. Экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган мазкур лойиҳа доирасида баҳорги мавсумда 158,7 гектар майдонда “яшил белбоғ”лар ташкил этилди.
Кейинги йилларда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик жараёнларининг кучайиши ва чўлланиш хавфининг ортиши шамол эрозиясига қарши курашиш масаласини янада долзарблаштирди. Шу боис давлат даражасида бу борада тизимли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Ҳужжатда ҳимоя ўрмонзорлари ва яшил белбоғлар барпо этиш, чанг ҳамда қум бўронларининг таъсирини камайтириш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва ҳудудларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли давлат ташкилотлари томонидан чегарадош ҳудудларда ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, яшил ҳудудлар барпо этиш учун мос ер участкалари аниқланди. Натижада экологик муҳофаза ҳудудларини ташкил этиш учун зарур майдонлар белгиланди.

Сирдарё вилоятида бу борадаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимининг қарори билан Сирдарё давлат ўрмон хўжалигига Оқолтин, Сирдарё, Ховос ва Мирзаобод туманларининг чегарадош ҳудудларида “яшил белбоғ”лар ташкил этиш учун 158,7 гектар ер майдони ажратилди.

Эрта баҳорда мазкур ҳудудларда саксовул, жийда, қарағай, қайрағоч ва акация ниҳоллари ерга қадалди. Бироқ “яшил қалқон” барпо этиш ишлари бу билан чекланмайди. Кузги мавсумда ва келгуси йилларда ҳам янги кўчатлар экиш, мавжуд дарахтзорларни кенгайтириш ва парваришлаш ишлари давом эттирилади. Чунки ҳимоя ўрмонзорлари шамол эрозиясига қарши энг самарали табиий тўсиқлардан бири бўлиб, улар чанг ва қум бўронлари таъсирини камайтириш, ерлар унумдорлигини сақлаш ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

– Мазкур ҳужжат шамол эрозиясига қарши курашиш ва яшил белбоғлар барпо этишга қаратилган муҳим стратегик дастур ҳисобланади. Унда чегарадош ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари ташкил этиш, ер ресурсларини асраш, экологик мониторингни такомиллаштириш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган. Бугун Сирдарё вилоятида қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар экологик хавфларни камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш ва аҳоли учун соғлом яшаш муҳитини яратишга қаратилган. Барпо этилаётган “яшил қалқон” эса келгуси йилларда ҳудуднинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни асраш ва чўлланиш жараёнларининг олдини олишда муҳим омил бўлади, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нуъмонов.

Мутахассис таъкидлаганидек, бугун Сирдарё чегараларида ерга қадалаётган ҳар бир кўчат оддий ниҳол эмас, балки келажакка йўналтирилган эзгу сармоядир. Вақт ўтиб, бу яшил белбоғлар нафақат шамол эрозияси ва қум бўронларига қарши ишончли қалқонга, балки мусаффо ҳаво, соғлом атроф-муҳит ва барқарор ҳаётнинг мустаҳкам таянчига айланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири