“Яшил макон”: талабалар фаоллик кўрсатди
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида навбатдаги экологик тадбир ташкил этилди. Унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ва фаол талаба-ёшлар иштирок этди.
Ушбу лойиҳа доирасида Нукус шаҳридаги “Қизилқум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 25-сонли умумтаълим мактаби атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, ҳудудда турли манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, атроф-муҳитни янада обод ва яшил маконга айлантиришга ҳисса қўшилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан экилган кўчатларни парваришлаш, уларнинг барқарор ўсишини таъминлаш бўйича ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундай ташаббуслар нафақат экологик муҳитни яхшилашга, балки ёшлар онгида табиатга меҳр ва масъулият туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва келажак авлод учун соғлом муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.