Тошкент шаҳрида нарколаборатория фош қилинди
Мамлакатимиздаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш доирасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, пойтахтимизнинг Сергели туманида нарколаборатория фош этилди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, 2003 й.т. шахс кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олиб, нарколаборатория ташкил этган.
Тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан умумий қиймати 4,5 млд сўмга тенг бўлган 3,5 кг “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси, 20 литр суюқ ва 25 кг кукун кўринишидаги прекурсорлар, шунингдек, уларни тайёрлаш ва қадоқлашда фойдаланиладиган анжомлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, нарколабораторияда кимёгар бўлиб ишловчи яна бир чинозлик фуқаро ҳам ушланди.
Аниқланишича, мазкур шахслар дастлаб “Телеграм” мессенжери орқали фаолият юритувчи наркодўконда “кладмен” сифатида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланишган.
Кейинчалик эса жиноий гуруҳ раҳбарларининг ишончига кириб, бевосита ажал оғусини тайёрлашга жалб этилишган.
Ҳолат юзасидан наркосавдогарларга нисбатан ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.