Яқин Шарқда ўт очиш тўхтагач, ЖАР валютаси мустаҳкамланди
Жанубий Африка Республикаси миллий валютаси – рэнд 8 апрель тонгги савдода 2 фоиздан кўпроқ мустаҳкамланди.
Бу ҳолат АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилиши ортидан жаҳон бозорида хавф камайиши билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда “Reuters” нашри ёзган.
Маълумотга кўра, рэнд долларга нисбатан 16,45 нисбатда савдо қилинган. Ушбу кўрсаткич олдинги кунга нисбатан 2,2 фоиз юқори ва сўнгги бир ойдаги энг яхши натижа ҳисобланади.
Февраль ойи охирида бошланган АҚШ, Исроил ва Эрон иштирокидаги можаро ортидан ЖАР пул бирлиги ҳам кескин босим остида қолган эди. Ўтган ой ушбу валюта қарийб 6 фоиз қадрсизланган.
Экспертлар фикрича, сулҳ туфайли нефть нархи 100 доллардан пастлагани энергия импорт қилувчи мамлакатлар иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Айни пайт АҚШ доллари аксар валюталарга нисбатан барқарор қолмоқда. Сармоядорлар Федерал захира тизимининг март ойидаги йиғилиши баённомаси ҳамда инфляция кўрсаткичини кутиб турибди.
Д.Ҳакимов, ЎзА