Япония Парламентига “Мустақиллик зафарномаси” китоби тақдим этилди
Токиода Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик янгича йўл тутди. "Китоб дипломатияси" икки халқни қандай яқинлаштирмоқда?
“Китоб дипломатияси” – Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстликнинг янги мулоқот майдони
Япония Парламенти. Бу ерда турли сиёсий қарорлар муҳокама қилинади, мамлакат ва жамият ҳаёти учун муҳим масалалар ҳал этилади. Бугун шу масканда Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва икки мамлакат ҳамкорлиги ҳақида сўз борди.
Эътиборлиси, Ватанимизнинг 35 йиллик тарихи ва ўтган давр мобайнида эришилган натижалар акс этган “Мустақиллик зафарномаси” китоби тақдимоти ўтказилиб, асар эсдалик совғаси сифатида жамоага топширилди.

Айни жараённи шартли равишда “китоб дипломатияси” деб аташ мумкин.
Шу муносабат билан ташкил этилган давра суҳбатида Парламент аъзолари, бизнес вакиллари, олимлар, экспертлар, маданият соҳаси ходимлари, кун чиқар юртда яшаётган ватандошларимиз ҳамда Ўзбекистон томонидан масъуллар иштирок этди.
Дастурга кўра, тадбир Ўзбекистон ва Япония давлат мадҳиялари ижроси билан бошланди. Сўзга чиққанлар давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабат изчил ривожланаётгани эътироф этдилар. Хусусан, сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик, таълим, маданият, туризм ва инсон капитали соҳаларидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташқи сиёсатимизда Япония муҳим ўрин тутиши, мавжуд шериклик янги мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилди.
Давра суҳбатини олиб борган Ижтимоий ва маънавий тадқиқотлар институти директори, профессор Муҳаммаджон Қуронов ўзаро муносабатдаги янги тенденцияларга тўхталди. Хусусан, 2025 йил ўтказилган биринчи “Марказий Осиё – Япония” саммитига минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичига йўл очган муҳим воқеа ўлароқ алоҳида урғу берди.
Анжуманнинг энг муҳим қисми – “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми тақдимоти бўлди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан тайёрланган ушбу нашрда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва муҳим воқеалар тизимли акс эттирилган. Истиқлол йиллари сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий ҳаётимизда юз берган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Ҳар бир миллатнинг ўз тарихий хотираси ва босиб ўтган шонли йўли бор. “Мустақиллик зафарномаси” шунчаки тарихий саналар рўйхати эмас, балки мамлакатнинг илк мустақиллик кунидан бошлаб бугунги тараққиёт босқичигача бўлган даври, муҳим воқеалар ва ўзгаришларнинг хронологик тажассумидир. Китоб-альбомни яратишдан кўзланган мақсад ушбу кенг кўламли жараённи жамоатчилик, хусусан халқаро аудиторияга етказишдир.
ЎзА мухбирига интервью берган Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов шундай дейди:
– Президентимиз ташаббуси билан чоп этилган ушбу китоб-альбом мамлакатимизда туризм, иқтисодиёт, маданият ва таълим каби қатор муҳим соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламини кўрсатиб беради. Бугун янги бир тушунча пайдо бўлган: китоб дипломатияси. Бирор давлатга бориб, турли ташкилотлар вакиллари билан учрашсак, уларга китоб совға қиламиз. Зеро, китоб дўстликнинг бошланиш белгиси. “Мустақиллик зафарномаси”ни Япония Парламентида ҳам қолдиряпмиз. Вақт ўтиши, вакиллар алмашиши мумкин, асар эса ишончли манба сифатида сақланиб қолади. Китоб инсонларни бирлаштиради. Ишонаманки, бу асар ҳам Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугун Японияда Ўзбекистонга қизиқиш нафақат сиёсий ва иқтисодий мулоқот, балки маданий-гуманитар алоқаларда ҳам яққол намоён. Кун чиқар юрт жамоатчилиги, хусусан сайёҳлари учун ўлкамизнинг қадимий шаҳарлари, тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари билан бир қаторда, мамлакатдаги замонавий ўзгаришлар ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
Шу маънода, китоб дипломатияси мамлакат ҳақида ахборот етказишнинг қулай воситасидир. Тарихий обидалар ўтмишимизни, замонавий ислоҳотлар эса диёримизнинг бугунги қиёфасини акс эттиради.
Икки юрт муносабатларининг бугунги ҳолати ҳақида фикр билдирган Япония – Ўзбекистон ассоциацияси раиси, 2013-2016 йиллари ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчиси бўлиб ишлаган Фумихико Като мустақиллик йилларида мамлакатимизда юз берган ўзгаришларга алоҳида тўхталди:
– Мен Ўзбекистонни элчилик давримдан яхши биламан. Сўнгги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар – мамлакат улкан ютуқларни қўлга киритганидан далолат. Биргина мисол. Илгари япон компаниялари денгизга чиқиш имкони йўқ мамлакатга инвестиция киритиши жуда мураккаб, деярли имконсиз эди. Бугун эса республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат раҳбари билан самарали учрашувлар, яратилаётган янги имкониятлар натижасида минглаб компания ва ташкилотларда Ўзбекистонга қизиқиш кучаймоқда. Биз иқтисодиёт йўналишида, таълим, маданият ва бошқа кўплаб соҳаларда бирга юксалишимиз мумкин. Ҳамкорлик учун ҳали жуда кўп имконият бор.
Тадбир давомида мезбон экспертлар ҳам Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўлига алоҳида эътибор қаратди. Муҳокама давомида мамлакатнинг тарихий хотираси, миллий қадриятлари ва маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш баробарида, замонавий тараққиёт талаби асосида янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Ёш авлодда Ватанга дахлдорлик ва масъулият ҳиссини кучайтириш, уларни билим, ташаббус ва янги ғоялар орқали мамлакат келажагига ҳисса қўшишга рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар юртимизнинг бугунги тараққиёт йўли, ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқалар билан қизиқди. Мулоқотларда айниқса ёшларни икки халқ дўстлигини давом эттирувчи авлод сифатида қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Хуллас, мазкур тадбир нафақат мустақил тараққиёт йўлимизни тарғиб этиш, балки икки мамлакат халқларини тарих, маданият ва китоб воситасида янада яқинлаштириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамият касб этди. “Мустақиллик зафарномаси” Япония Парламентида қолдирилиши эса ушбу мулоқотнинг рамзий давомидир. Зеро, дипломатия фақат расмий учрашув ва музокаралардан иборат эмас. Баъзан биргина китоб мамлакат ҳақида мухтасар ҳикоя қилиши, тарихни авлодларга етказиши, халқлар ўртасида янги мулоқот учун саҳифа очиши мумкин. Бу ҳам китоб дипломатиясининг бир кўриниши.
Дарвоқе, Токионинг машҳур Шибуя чорраҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан махсус акция ташкил этилди. Йирик рақамли экранларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти ва турли соҳаларда эришилаётган натижалар ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилмоқда.
Беҳруз Худойбердиев, Искандар Исматов (видео), ЎзА