Aқаба жараёни: Марказий Осиё хавфсизлиги учун стратегик мулоқот
Хабар берилганидек, 5-6 ноябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасига амалий ташрифи доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Aқаба жараёни доирасидаги учрашувида иштирок этади. Бу мулоқот минтақавий хавфсизлик масалаларига нисбатан шаклланаётган янги ёндашувларни англаш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Мазкур тадбирнинг сиёсий мазмуни, аввало, хавфсизлик тушунчаси тобора кенгайиб бораётгани билан изоҳланади. Бугунги кунда терроризм ва экстремизм таҳдиди фақат анъанавий қуролли фаолият ёки ноқонуний молиялаштириш билан чекланмайди. Рақамли макон, сунъий интеллект, яширин алоқа воситалари ва ахборот технологиялари ривожланиши трансмиллий таҳдидлар шакли ҳамда тарқалиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда. Шу боис хавфсизликни таъминлаш масаласи давлатлараро сиёсий мулоқот билан бир қаторда технологик, ахборот ва институционал ҳамкорликни ҳам талаб этмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Aқаба жараёни 2015 йил Иордания Подшоҳи Aбдулла II ташаббуси билан бошланган халқаро мулоқот платформасидир. Тузилманинг асосий мақсади терроризм ва экстремизмга қарши курашишда давлатлар, хавфсизлик ва ҳарбий идоралар, халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар ҳамкорлигини кучайтириш, ахборот ва тажриба алмашиш ҳамда умумий таҳдидларга нисбатан мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантиришдан иборат.
Жараённинг ўзига хос жиҳати халқаро шартнома асосида тузилган ташкилот ёки доимий институционал тузилма эмаслигида. Яъни, платформа доирасида билдириладиган ташаббус ва келишувлар ўз-ўзидан юридик мажбуриятни юзага келтирмайди. Бинобарин, айнан шу хусусияти билан сиёсий қараш ва хавфсизлик манфаатига эга давлатлар ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш, долзарб таҳдидларни муҳокама қилиш ва амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаш имконини беради.
Aқаба жараёнини БМТнинг аксил террор механизмига муқобил тузилма эмас, балки айни жараённи тўлдирувчи мулоқот майдони сифатида баҳолаш жоиз. БМТ доирасидаги механизмлар халқаро ҳуқуқий асос ва умумий мажбурият белгилайди, Aқаба каби платформалар эса муайян минтақалар ва хавфсизлик масалалари бўйича сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, идоралар аро алоқани мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш учун қўшимча имконият яратади.
Шу нуқтаи назардан Остонада давлат раҳбарлари даражасида учрашув ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бу минтақада хавфсизлик масаласини фақат алоҳида давлатлар ички вазифаси эмас, балки ўзаро боғлиқ ва умумий ёндашув талаб қиладиган муаммо сифатида қабул қилиш заруратини ифодалайди.
Кун тартибида сунъий интеллект масаласи алоҳида ўрин эгаллаши замонавий хавфсизлик муҳитидаги муҳим ўзгаришдан далолат. СИ иқтисодиёт, таълим, давлат бошқаруви ва коммуникация соҳаларида янги имконият яратиши баробарида ноқонуний мақсадда фойдаланиш эҳтимолини ҳам юзага келтирмоқда.

Марказий Осиё хавфсизлик архитектурасини таҳлил қилишда Aфғонистон омилини четлаб ўтиб бўлмайди. Aфғонистон ҳудудидаги беқарорлик, халқаро террористик гуруҳлар фаолияти, ноқонуний тармоқлар ва радикаллашув жараёни минтақа давлатлари учун умумий хавфсизлик муаммосини юзага келтиради. Давлат чегаралари билан чекланмагани сабабли бундай таҳдидларга қарши курашда фақат миллий чоралар етарли бўлмайди.
Ўзбекистон учун бу масала бир неча устувор вазифа билан боғлиқ. Биринчи – трансмиллий террор таҳдидининг мамлакат хавфсизлигига таъсирини камайтириш. Иккинчи – фуқаролар радикал гуруҳлар таъсирига тушиши ва хорижий можароларга жалб этилишининг олдини олиш. Учинчи – интернет орқали радикаллашув, ноқонуний молиялаштириш ва ахборот маконидаги зарарли таъсирларга қарши профилактика механизмини мустаҳкамлаш.
Шу жиҳатдан Aқаба жараёни Марказий Осиё давлатлари учун хавфсизликка оид ахборот алмашиш, бошқа минтақалар тажрибасини ўрганиш ва замонавий таҳдидларга қарши мувофиқлаштирилган ёндашув ишлаб чиқиш имкониятини яратади. Бундай ҳамкорлик самараси фақат хавфсизлик идоралари ўртасидаги алоқалар билан белгиланмайди. Таълим, илмий тадқиқот, рақамли саводхонлик ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик ҳам радикаллашувнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
2025 йил август ойида Иордания Подшоҳи Aбдулла II Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганда Президент Шавкат Мирзиёев Aқаба жараёни ташаббусини қўллаб-қувватлаб, навбатдаги йиғилишлардан бирини Самарқандда ўтказиш таклифини киритган эди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг мазкур платформага фақат иштирокчи сифатида эмас, балки минтақавий хавфсизлик мулоқотини ривожлантиришга ҳисса қўшувчи томон сифатида ёндашаётганини кўрсатади.
Остонадаги учрашув ушбу сиёсий мулоқотни минтақавий даражада давом эттиришга кўмаклашади. Ўзбекистон учун бундай форматда иштирок этиш бир томондан Марказий Осиё давлатлари билан умумий хавфсизлик масаласини муҳокама қилиш, иккинчи томондан Яқин Шарқ ва бошқа минтақалардаги ҳамкорлар билан бевосита алоқаларни ривожлантириш имконини беради.
Бунда Ўзбекистон манфаатини фақат хавфсизлик таҳдидига жавоб қайтариш билан чеклаб бўлмайди. Мамлакат учун халқаро тажрибани ўзлаштириш, кибер хавфсизлик салоҳиятини ошириш, мутахассислар тайёрлаш, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқиш ҳам муҳим. Шу маънода Aқаба жараёни хавфсизлик ва технологик ривожланиш ўртасидаги мувозанатни муҳокама қилиш учун ҳам қўшимча майдон бўла олади.
Aйни пайт Aқаба жараёни норасмий хусусияти мавжуд имконияти билан бирга муайян чекловни ҳам белгилайди. Платформа доирасида эришилган сиёсий англашувлар ўз-ўзидан мажбурий ижро механизмини яратмайди. Шу сабабли муҳокамани тегишли давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокидаги аниқ дастурлар билан мустаҳкамлаш талаб этилади. Aкс ҳолда мунтазам учрашувлар амалий натижа бермай, асосан сиёсий мулоқот даражасида қолиб кетиши мумкин.
Умуман, Ўзбекистон Президентининг Остонадаги Aқаба жараёни доирасидаги учрашувда иштирок этиши Марказий Осиё хавфсизлиги, янги технологик таҳдидлар ва халқаро ҳамкорлик масалалари ўзаро боғлиқлигини намоён этади. Мазкур платформа мамлакатимиз учун минтақавий хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни кенгайтириш, Яқин Шарқ давлатлари билан сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва замонавий таҳдидларга қарши халқаро тажрибани ўзлаштириш имконини беради.
Анжуманнинг узоқ муддатли аҳамияти эса учрашувлар якунида билдириладиган сиёсий позициялардан кўра, амалий асосда шаклланадиган ҳамкорлик механизмига боғлиқ. Шу маънода Aқаба жараёни Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун нафақат хавфсизлик масаласини муҳокама қилиш, балки минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш майдонидир.
Мадина Мамажонова,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети докторанти