Япония ўз тинчликсеварлик тамойилларидан воз кечмоқда(ми)?
Шаррос қуяётган ёмғир остида Токио кўчаларида оломон тўпланди. Одамларнинг қўлларида сувдан ивиб кетган плакат ва байроқлар. Улардан бирида япон тилида атиги учта сўз ёзилган: “Урушга йўл йўқ!”.
Бугунги кунда Японияда мана шу хитоб тобора баландроқ ва шиддатлироқ янграмоқда. Мамлакат сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик намойишларга гувоҳ бўлмоқда.
2025 йилнинг октябрь ойида ҳокимият тепасига келган бош вазир Санаэ Такаичи ўлканинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тинчликсеварлик (пацифизм) йўлидан сезиларли даражада чекина бошлади. Хусусан, қурол-яроғ экспортига қўйилган кўп йиллик тақиқлар бекор қилинди ва япон армиясининг хориждаги ҳарбий иштирокини кенгайтириш бўйича муҳим қадамлар ташланди.

Ҳукумат бундай кескин чораларни минтақада ортиб бораётган хавф-хатарлар ва миллий хавфсизликни таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда. Бироқ оддий аҳоли орасида бу қарорлар жиддий хавотир ва саросимага сабаб бўлди.
Кунчиқар юрт яна “ҳарбий салоҳиятга эга давлат”га айланиб бораётгани ҳақидаги турли миш-мишлар намойишларнинг янги тўлқинини бошлаб берди.
Аслида, япон жамиятида оммавий норозилик чиқишлари анча вазмин ва тартибли ўтиши билан ажралиб туради. Бу халқ маданиятида ижтимоий тотувликни асраш ва атрофдагиларга ноқулайлик туғдирмаслик тушунчаси жуда кучли. Шу боис, агар одамлар кўчаларга минглаб одам бўлиб чиқишаётган бўлса, демак, жамиятнинг энг ички қатламларида қандайдир жиддий ва оғриқли жараён кечмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА