Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида савдо-иқтисодий парк қурилади
Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида "Достук" халқаро савдо-иқтисодий парки қурилиши режалаштирилмоқда, деб хабар берди “Kazinform” агентлиги.
Боткен вилоятига ишчи ташрифи чоғида Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга 100 гектарлик хиёбон концепцияси ва бош режаси тақдим этилди. Мажмуа маъмурий, сайёҳлик, логистик, ишлаб чиқариш ва тижорий майдонлардан иборат бўлади. Мазкур лойиҳа доирасида 5000 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши кутиляпти.
Савдо ва логистика алоқалари кўламини кенгайтириш, инвестиция жалб қилиш ва янги иқтисодий имкониятлар очишга қаратилган концепция туризм инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро маданий тадбирлар, этник фестиваллар ва кўргазмалар ўтказиш мақсадини ҳам кўзлайди. Шу тариқа маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланади, Буюк Ипак йўли тарихий мероси тарғиб қилинади.
Садир Жапаров "Достук" халқаро савдо-иқтисодий парки лойиҳаси уч мамлакат яқин ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун жуда муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойили асосида савдо ва инвестиция учун йирик майдон вазифасини ўтайдиган ушбу лойиҳа Марказий Осиё халқлари ўртасида тинчлик, ишонч ва бирлик рамзига айланишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 31 март куни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Садир Жапаров, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Хўжандда бўлиб ўтган учрашувда уч мамлакат чегараси туташган нуқтаси тўғрисида шартнома имзолаган эди. Фарғона водийсида жойлашган манзил Сўғд, Фарғона ва Боткен вилоятларини боғлайди.
Г.Сатторова, ЎзА