Япония компанияси билан экологик ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Япониянинг “Sumitomo Corporation” компанияси инфратузилма бизнеси департаменти директори Сосуке Ишида бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, айниқса, барқарор тараққиёт, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда экологик инфратузилмани такомиллаштириш соҳаларидаги шериклик янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган бешта умуммиллий экологик лойиҳа — “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Чиқиндисиз ҳудуд”, “Биомерос” ва “Экологик маданият” дастурлари муҳокама марказида бўлди.

Япон томони Ўзбекистонда экологик соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолаб, “Sumitomo Corporation” компанияси Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида экологик ва инфратузилма лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошираётганини маълум қилди.
Музокараларда иқлим ўзгаришига мослашиш, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш ҳамда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Япон мутахассислари иссиқхоналар учун иссиқлик насослари асосидаги замонавий иситиш, шамоллатиш ва кондициялаш тизимлари бўйича халқаро тажрибани тақдим этди.

Хусусан, Туркманистонда “Daikin” компанияси технологиялари асосида барпо этилган замонавий иссиқхона мажмуаси мисоли келтирилиб, Ўзбекистонда ҳам кўмир ёқилғисига асосланган иситиш тизимларини босқичма-босқич энергия тежамкор технологияларга алмаштиришга қаратилган пилот лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги “Green Territory” лойиҳаси ҳудудида энергия тежамкор иситиш технологияларини синовдан ўтказиш учун намойиш майдончасини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида экспертлар даражасидаги маслаҳатлашувларни давом эттириш, устувор лойиҳалар рўйхатини шакллантириш ҳамда иссиқхона хўжаликларини модернизация қилишга қаратилган пилот лойиҳани, шу жумладан уни молиялаштириш механизмларини биргаликда ишлаб чиқишга келишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА