Янгиқўрғонда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёшлар куни муносабати билан Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида ташкил этилган тадбирлар доирасида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ёшлар билан учрашув ўтказди.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, бандликни таъминлаш, олий таълим муассасаларига кириш имкониятлари ҳамда кадастр ҳужжатларига оид масалалар юзасидан ўз мурожаат ва таклифларини билдирди.
Вилоят ҳокими ёшларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни қонуний асосда ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.
[gallery-29858]
Тадбир доирасида стартап ва инновацион лойиҳалар тақдимоти ҳам ташкил этилди. Ёшларнинг ташаббускорлиги, замонавий ғоялари ва инновацион ишланмалари юқори баҳоланди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими криминоген вазияти нисбатан мураккаб бўлган Обод, Салмон ва Бешбулоқ маҳаллаларида бўлиб, маҳалла еттилиги аъзолари ва фаоллар билан учрашди. Мулоқотларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар билан манзилли ишлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва барқарор муҳитни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида ҳунарманд Асадулло Абдураҳмонов фаолияти билан ҳам танишилиб, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга ижобий баҳо берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА