Шарафли ишнинг масъулияти катта
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланди. Байрам арафасида барча туман ва шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ва идоралар томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, соҳа ходимлари меҳнати эътироф этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар, ахборот хизматлари ходимлари иштирокида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ўтказилди, соҳа вакиллари саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилди.
Самарқандлик ижодкорларнинг вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган асосий байрам тадбирида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрийлар иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев тадбир қатнашчиларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг заҳматли меҳнатларини эътироф этди.
– Матбуот ва ахборот соҳаси ҳар қандай жамият тараққиётининг муҳим устунларидан бири ҳисобланади – деди А.Бобоев. – Чунки ахборот инсонларни бирлаштиради, жамиятни уйғотади, одамларни эзгу мақсадлар сари чорлайди. Журналист эса воқелик ва жамоатчилик ўртасидаги ишончли кўприкдир. Янги Ўзбекистонда очиқлик, ошкоралик ва сўз эркинлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам ахборот соҳаси изчил ривожланиб бормоқда. Айни пайтда вилоятда 34 та газета ва журнал, 8 та нашриёт, 10 та интернет нашри, битта телерадио канал фаолият кўрсатмоқда. Замонавий ускуналарга эга босмахоналар хизматидан нафақат вилоятдаги, балки қўшни ҳудудлардаги газеталар таҳририятлари ҳам самарали фойдаланиб келмоқда.
Бугунги кунда ахборот хизмати тизими давлат ва жамият ўртасидаги муҳим мулоқот майдонига айланмоқда. Вилоятдаги 80 нафар ахборот хизмати вакиллари ўзлари ишлаётган тизим фаолиятидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва аҳолини тезкор хабардор этиб бормоқда. Айниқса, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечимига кўмаклашиш, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш борасида журналистлар ва ахборот хизмати ходимларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда соҳанинг бир гуруҳ фидойи вакиллари Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ташаккурнома ва қимматли совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблари эълон қилиниб, муносиб рағбатлантирилди.
[gallery-30124]
– Журналистика соҳасидаги 45 йиллик фаолиятим эътироф этилиб, давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланганим бу йилги байрамнинг энг унутилмас лаҳзалари бўлди, – дейди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти катта мусаҳҳиҳи Рим Мустакимов. – Кеча пойтахтимизда ўтказилган маросимда, бугун вилоятимиздаги байрам тадбирида ҳам бу эътибор бутун мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнати муносиб қадрланаётгани ифодаси эканлиги таъкидланди. Чиндан ҳам кейинги пайтда соҳамизга берилаётган эътибор натижасида нафақат меҳнатимиз қадрланяпти, балки жамиятда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли ошмоқда. Бундай шароитда ишлаш, ахборот тарқатиш шарафли бўлиши билан бирга киши зиммасига улкан масъулият юклайди. Ҳар биримиз доимо бу масъулиятни ҳис қилиб ишлашимиз лозим.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари