Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқарога тўғри келадиган суд ёрдами сезиларли даражада яхшиланди
2016 йилда Ўзбекистонда 32 миллион аҳолига нисбатан атиги 1 минг 57 нафар судья тўғри келган. Бугунги кунга келиб аҳоли сони 39 миллионга етди. Судьялар сони эса 1 минг 731 нафарга етказилди.
Бу - соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижаси. Судьялар олий кенгаши етакчи инспектори Бобомурод Эшқувватов шу ҳақда фикр билдирди:
– Судьялар сони аҳолининг ўсишидан анча тезроқ ошган, яъни ҳар бир фуқарога тўғри келадиган суд ёрдами ҳам сезиларли даражада яхшиланган: 100 минг кишига тўғри келадиган судьялар сони 3,30 тадан 4,44 тагача кўтарилган.

2017 йилда ягона Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, собиқ хўжалик судлари эса “иқтисодий судлар” сифатида шу ягона тизимга киритилди. Натижада бутун мамлакат бўйлаб қонунлар бир хил тарзда қўлланадиган ягона суд амалиёти шаклланди.
Илгари ноқонуний қарор чиқарган ҳоким, солиқчи ёки кадастр идораси устидан шикоят қилиш учун алоҳида суд йўқ эди – бундай ишлар фуқаролик ва хўжалик судлари ўртасида тақсимланиб кетган. Бу эса сансалорликка, фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлар эди. Оддий сўз билан айтганда, фуқаро давлат билан низода деярли ҳимоясиз қолган.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг энг муҳим ютуғи – давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳамда ҳаракатлари устидан шикоят қилишга ихтисослашган мутлақо янги тузилма, яъни Маъмурий судлар тизимининг ташкил этилгани бўлди.
Бу тизимга “суднинг фаол роли” тамойили жорий этилиб, фуқаро ва давлат ўртасидаги низоларни ҳал этишда тенглик таъминланди. Эндиликда фуқаро давлат органининг ноҳақлигини исботлашга мажбур эмас, аксинча, исботлаш мажбурияти (презумпция) давлат органининг ўзига юклатилди. Яъни, мансабдор шахс ўз қарори ёки ҳаракатининг қонуний ва асосли эканини судда ўзи исботлаб бериши шарт.
Илгари судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тавсия этиш ваколати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Олий малака комиссиясига тегишли бўлиб, унинг таркиби асосан Президент девони (маъмурияти), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ижро ҳокимияти вакилларидан шакллантирилган.
Бундан ташқари, судьяларнинг ваколат муддати дастлаб атиги беш йил билан чеклангани ривожланган давлатлар халқаро тажрибасига мос эмас эди.
Мазкур ташкилий қарамлик, шунингдек, судьялар ҳамжамияти ролининг пастлиги судьяларда қонуний, бироқ маҳаллий ҳокимлик ёки прокуратура органлари манфаатларига зид бўлган мустақил қарорлар қабул қилишда хавф ва чўчиш ҳиссини туғдирган ва оқибатда судларнинг холислигига тўсқинлик қилган.
Бугунги кунда бу комиссия ўрнига юридик шахс мақомига эга мустақил конституциявий орган – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолият юритмоқда.
Судьялик ваколати муддатларининг дастлаб беш йил, кейин ўн йил ва сўнгра муддатсиз даврга белгиланиши судьяларнинг дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлашда муҳим кафолат ҳисобланади.
Бундай тизим судьялик корпусини ташкилий жиҳатдан ҳимоя қилиб, уларнинг лавозимдан асоссиз четлаштирилиш хавфисиз, ҳар қандай ташқи таъсирдан холи равишда, фақат қонунга бўйсуниб адолатли қарорлар қабул қилишига хизмат қилади.
Бунга қўшимча равишда, судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашиш қатъиян тақиқланган ва бунинг учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Судьяни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳибсга олиш эса энди фақат Судьялар олий кенгашининг розилиги билангина амалга оширилади. Бу уларни ташқи босимдан ҳимоя қилувчи муҳим кафолатга айланган.
Судьялар олий кенгаши ҳузурида Одил судлов академияси ташкил этилган бўлиб, судья бўлишни истаган ҳар бир шахс аввал шу ерда махсус тайёргарликдан ўтади. Намунавий тест ва имтиҳонлар очиқ, онлайн трансляция қилинади, номзодларни баҳолашда эса инсон омилини истисно этувчи махсус электрон тизимлар ишлатилади.
Ўн йиллик ислоҳотларнинг натижаси қуруқ сўз эмас, аниқ рақамларда ҳам кўринади. Хусусан, судьяларнинг ойлик маоши 4 баравар ошди.
Умуман, Янги Ўзбекистон судлари молиявий жиҳатдан мустақил, кадрлари шаффоф танланадиган, фуқарони давлат олдида ҳам ҳимоя қила оладиган тизимга айланмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА