Фарғонадан Афғонистонга учасизми?
“Kam Air” Афғонистондаги энг йирик хусусий авиакомпаниялардан бири ҳисобланади. 2003 йилда тадбиркор Замарай Камгар томонидан ташкил этилган биринчи хусусий тижорат авиакомпаниясидир.
“Kam Air” Афғонистоннинг ички шаҳарлари билан бир қаторда Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиёнинг 15та шаҳри билан ҳаво қатновини йўлга қўйган.
“Kam Air” учун Ўзбекистон ҳам муҳим йўналишлардан бири. 2026 йил 2 июлдан Кобул–Тошкент рейслари ҳафтасига уч марта учмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги йўловчи, бизнес ва савдо алоқалари учун муҳим транспорт йўлаги ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, “Kam Air”нинг Тошкентга парвозлари нафақат афғон фуқаролари, балки Ўзбекистон орқали Марказий Осиёга сафар қиладиган йўловчилар учун ҳам аҳамиятли. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, “Kam Air” Афғонистондаги урушлар, сиёсий беқарорлик ва халқаро транспорт алоқаларидаги узилишларга қарамай, ички ва халқаро йўналишларда фаолиятини сақлаб қолган.



Маълумки, Фарғона Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанддан кейинги йирик ҳаво дарвозасига айланди. Эндиликда “Kam Air” водий маркази Фарғона шаҳрига Афғонистон шаҳарларидан тўғридан-тўғри йўловчи ва юк ҳаво йўлагини очмоқчи. Шу мақсадда авиакомпания раҳбари Омар Моҳаммад Сулаймон бошчилигидаги делегация Фарғонага келди. Расмий қабулда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров таклиф ва янги лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди. Шундай қилиб, Фарғона Ўзбекистоннинг Афғонистонга самолёт учадиган иккинчи шаҳри бўлиши мумкин.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА