Янги Ўзбекистон журналистикаси – тараққиёт ва истиқбол
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Янги Ўзбекистон журналистикаси – тараққиёт ва истиқбол” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситаси – жамият кўзгуси, миллатнинг юзи. Унинг зиммасида кенг жамоатчиликни фикрлашга чорлаш, тарбиялаш, дунёқарашни бойитишдек масъулият туради.
Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, барча соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришилмоқда. “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги янгиланиш жараёни моҳиятини аҳолига етказиш, эришилаётган улкан ютуқларни кенг тарғиб этиш, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда юртимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти бўлган оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Янги Ўзбекистон журналистикаси – тараққиёт ва истиқбол” мавзусида қизғин руҳда ўтган давра суҳбати 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, бир гуруҳ журналистлар, Академия ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда юртимизда сўз эркинлигига бўлган эътибор янги даражага кўтарилганини эътироф этди. ОАВ демократик қадриятларни қарор топтириш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш, янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини шакллантиришда муҳим рол ўйнаётганини таъкидлади.

Давра суҳбати доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик ва ошкоралик сиёсати, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, юртимиз нуфузини халқаро майдонда юксалтиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳамда халқимиз маънавий-маърифий юксалиши борасидаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка самарали етказишда Академия билан фаол ҳамкорлик қилиб келган бир гуруҳ ОАВ ходимларни байрам муносабати билан тақдирлаш маросими ўтказилди.
Н.Усмонова, ЎзА