Спорт журналистлари Спорт вазирлигида тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Спорт вазирлигида соҳада самарали фаолият юритиб, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ спорт журналистлари тақдирланди.
Тадбирда спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф оммавий ахборот воситалари вакилларини касб байрами билан табриклади.
[gallery-30127]
Таъкидланганидек, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари нафақат ахборот тарқатувчи, балки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этувчи, давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни таъминловчи муҳим институт сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Тадбир давомида спорт журналистикасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, соҳани янада ривожлантиришга доир масалалар юзасидан спорт вазири иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Якунда бир гуруҳ фаол журналистлар Спорт вазирлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА