Янги Ўзбекистон тараққиёти пойдевори инсон қадри тамойили асосида мустаҳкамланмоқда
Мустақиллик – халқнинг тарихий хотираси, миллий ғурури ва келажакка бўлган ишончини мужассам этган бебаҳо қадрият. Айнан истиқлол туфайли Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаш, миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқ фаровонлигини таъминлаш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон Миллий университети профессори, фалсафа фанлари доктори (DSc) Жалолиддин Юсубов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Халқимиз мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини улкан бунёдкорлик ишлари, изчил ислоҳотлар ва салмоқли натижалар билан қарши олмоқда.

1991 йил 1 сентябрда қўлга киритилган давлат мустақиллиги Ўзбекистон тарихида мутлақо янги даврни бошлаб берди. Янги сиёсий-ҳуқуқий тизим шаклланди, миллий давлатчилик асослари мустаҳкамланди, халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи рўёбга чиқди. Энг муҳими, истиқлол туфайли миллий ўзликни англаш жараёни янги босқичга кўтарилди.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг бой маънавий мероси қайта тикланди. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий сингари буюк аждодларимизнинг илмий ва маърифий мероси чуқур ўрганила бошланди. Жадид маърифатпарварлари фаолиятига холис баҳо берилди.
Она тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи мустаҳкамланди, миллий қадриятлар ва урф-одатларимизга янги мазмун бахш этилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Қўқон каби тарихий шаҳарларимиз нафақат юртимиз, балки бутун дунё эътиборидаги маданий ва туристик масканларга айланди.
Бугунги кунда юртимиз тараққиётининг янги босқичи “Янги Ўзбекистон” ғояси асосида давом этмоқда. Бу ғоя марказида эса инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари туради.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳам, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва адолатли жамиятни барпо этишга қаратилган.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар келажак тараққиётининг энг муҳим омилларидан биридир. Мактабгача таълим қамрови кенгайди, замонавий мактаблар ва олий таълим муассасалари сони ортди, олий таълимга қамров бир неча баробар ошди. Хорижий тиллар, ахборот технологиялари ва замонавий касбларни эгаллаш учун яратилаётган имкониятлар ёшларнинг рақобатбардошлигини оширмоқда.
Айниқса, хотин-қизларнинг таълим олиши ва касбий ривожланишига қаратилган эътибор жамият тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Буларнинг барчаси Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя тизимида ҳам инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар шаклланди. “Маҳалла еттилиги” тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби механизмлар орқали аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилди. Маҳалла институтининг ваколатлари кенгайтирилиб, фуқароларнинг муаммоларини бевосита жойларда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтисодий ислоҳотлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Очиқ бозор тамойиллари, валюта эркинлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат қилмоқда. Ҳудудларда янги саноат корхоналари, ишлаб чиқариш қувватлари ва минглаб янги иш ўринлари яратилаётгани аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди.
Ташқи сиёсатда ҳам мутлақо янги ёндашув шаклланди. Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган сиёсати Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлади.
Мамлакатимиз бугун БМТ, ШҲТ, ТДТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида глобал хавфсизлик, экология, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш масалаларида муҳим ташаббуслар билан чиқаётган фаол давлатлардан бирига айланди.
Мустақилликнинг 35 йиллик тараққиёт йўли шуни яққол кўрсатадики, ҳар қандай юксалишнинг асосида халқнинг бирдамлиги, фидокорона меҳнати ва Ватанга садоқати мужассам. Бугунги Янги Ўзбекистон ана шу улкан салоҳиятга таянган ҳолда ўз олдига янада юксак марраларни қўймоқда.
Истиқлол халқни буюк мақсадлар сари етаклайдиган беқиёс кучдир. Инсон қадрини улуғлаш эса давлат тараққиётининг энг муҳим мезонидир. Мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўл ва эришилган натижалар шундан далолат берадики, Ўзбекистон ўзининг демократик тараққиёт йўлидан қатъий одимлаб бормоқда. Бу йўлда халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, миллий бирлик ва юксак маънавияти энг катта таянч бўлиб қолаверади.
Норгул Абдураимова, ЎзА