“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида аварияни жиловлашга киришилди
Нефть-газ соҳасида қудуқларнинг техник ҳолатини мунтазам назорат қилиш, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Айниқса, авариявий қудуқларни ишончли ёпиш ва улар билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш нафақат аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда конларни самарали бошқариш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ана шундай масъулиятли вазифалардан бири Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида амалга оширилмоқда. Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, 15 август куни мазкур кондаги авариявий қудуқни ёпиш ва аварияни жиловлаш бўйича амалий ишлар расман бошланган.
Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов, Бойсун тумани ҳокими Баҳодир Шукуров ҳамда масъул мутасаддилар конга ташриф буюриб, “Кофрун” қишлоғи фаоллари ва мазкур лойиҳада иш олиб бораётган Хитойнинг “CNPC” корпорацияси мутахассислари билан учрашди.
Учрашувда, аввало, амалга оширилаётган лойиҳанинг аҳамияти ва авариявий қудуқни ёпиш жараёнининг асосий босқичлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ишларни белгиланган муддатларда ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш, ойлар кесимида бажариладиган муҳим чора-тадбирлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Мулоқот давомида маҳаллий аҳоли ва “Кофрун” қишлоғи фаолларининг фикрлари ҳам эшитилиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан масъуллар томонидан зарур тушунтиришлар берилди. Бу эса аварияни бартараф этиш жараёнида аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш ва олиб борилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш муҳим эканини кўрсатади.
Мазкур лойиҳа доирасида Хитойнинг “CNPC” корпорацияси мутахассислари ҳам жалб этилган бўлиб, авариявий қудуқни ёпиш ишларида соҳадаги тажриба ва замонавий ёндашувлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Аварияни жиловлаш бўйича амалий ишлар белгиланган режа асосида босқичма-босқич давом эттирилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА