Янги ўқув йилида янги мактаблар фойдаланишга топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда 2 сентябрь янги ўқув йилининг бошланиши “Билимлар куни” муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида қатор умумий ўрта таълим мактаблари фойдаланишга топширилди.
Инвестиция ва давлат дастурлари асосида таъмирланиб, қўшимча бинолар қурилган мактабларда очилиш тадбирлари бўлиб ўтди. Жумладан, “Шимом” овул фуқаролар йиғинидаги 52-сонли умумий ўрта таълим мактабига Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро жамғармаси маблағлари ҳисобидан 8 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, 874 ўринли мавжуд биноси мукаммал таъмирланиб, замонавий талаблар асосида янгиланди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 2026–2027 ўқув йилида мактабда 753 нафар ўқувчининг замонавий ва муносиб шароитларда таълим олиши учун зарур имкониятлар яратилди. Мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида ўқув хоналари ва мактаб инфратузилмаси янгиланиб, таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш учун қулай муҳит шакллантирилди. Ҳозирги кунда мактабда 71 нафар педагог кадр фаолият юритмоқда.

Беруний тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 37-сонли умумий ўрта таълим мактаби 2006 йилда қурилган бўлиб, 320 ўринни ташкил этган. 2025–2026 ўқув йилида мактабда 773 нафар ўқувчи таълим-тарбия олган.
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан таълим тизимини ривожлантириш ва ўқувчилар учун замонавий ҳамда муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида давлат дастурига киритилиб, 6 миллиард сўм маблағ эвазига 320 ўринли мавжуд бино мукаммал таъмирланиб, қўшимча 360 ўринли янги ўқув биноси қурилди.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар янги ўқув йилини янги мактабда бошлаган жамоага ва ўқувчиларга омад тилади. Барча замонавий шароитларга эга мактабларда таҳсил олиб, билимларни мустаҳкамлаб, давлатимизнинг етук кадрлари бўлишига ишонч билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири