Янги меҳнат кодекси – имконият, масъулият ва ҳуқуқий ҳимоя кафолати
Демократик жамиятнинг кўзгуси – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва жамият аъзоларининг ўзаро муносабатларида қонунчилик талабларига риоя этиши саналади. Бу борада қонун ҳужжатларининг замон талаблари асосида янгиланиши ҳамда жамият иқтисодий ҳаётига мувофиқлаштирилиши муҳимдир.
2023 йил 30 апрелдан кучга кириши белгиланган янги Меҳнат кодекси меҳнат муносабатларидаги мавжуд бўшлиқ, камчиликлар ва аниқлаштирилмаган ҳолатларни, шунингдек меҳнат муносабатларида янги институтларни тартибга солишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Амалдаги меҳнат кодекси чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида меҳнат муносабатларида устувор қонун саналиб, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилди.
Бироқ таъкидлаш лозимки, айрим ўринларда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш баробарида иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш натижасида тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига ўзининг салбий таъсирини ўтказиб келди.
Шунингдек, кези келганда давлат ва жамият манфаатларидан келиб чиқиб, янги зарурий механизмларни жорий этиш зарурати туфайли Меҳнат кодексида “йўл қўйилмайди", "мумкин эмас", деб белгиланган қоидаларни, шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини четлаб ўтиш ҳолатлари кузатилди.
ЯНГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИ...
Хўш, эндиликда янги меҳнат кодексининг амалга киритилиши юқоридаги ҳолатларни бартараф эта оладими?
Бизнингча, мавжуд муаммоларни бартараф этишга етарли асослар мавжуд.
Биринчидан, меҳнат муносабатларида қонун устуворлигини, бунда мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ходимлар ҳамда иш берувчи ўртасидаги мувозанатни таъминлашда давлат бош ислоҳотчи сифатида ҳуқуқий механизмларни янгиламоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, меҳнат муносабатлари кенг қамровли эканлигини инобатга олиб, аввало соҳалараро ислоҳотлар амалга оширилди. Бунга мисол тариқасида таълим, тиббиёт, ишлаб чиқаришнинг алоҳида тармоқларини, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ҳимоялашни тартибга солишга қаратилган қонунчилик ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, сўнги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ортиши кузатилмоқда, буни давлат органларига йўлланаётган мурожаатлар ва уларнинг ечими юзасидан давлат органларининг амалий ишлари ҳамда унга билдирилаётган муносабатда кўришимиз мумкин.
Учинчидан, охирги беш йилликда меҳнатга доир муносабатларда давлат ижроия органлари аралашувига нисбатан ваколатли давлат органлари ҳамда суд тизими, шунингдек, нодавлат-нотижорат органларнинг иштироки сезиларли даражада ўсганлиги.
Тўртинчидан, меҳнат муносабатлари иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида (HR менежмент, самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари KPI) мувофиқлаштиришнинг йўлга қўйилаётганлиги ва меҳнат соҳасида индивидуаллашув.
Албатта юқоридаги омиллар ва янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши натижасида киритилаётган қуйидаги янгиликлар меҳнат соҳасида янги қарашлар ҳамда янги иш услубларини вужудга келтиради.
Мазкур янгиликлар қуйидагилардан иборат:
Тартибга солиш соҳасига кўра, амалдаги Меҳнат кодексининг 3-моддаси мазмунига кўра, Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилиши белгиланган. Бироқ амалиётда ҳуқуқни муҳофа қилувчи идоралар ва суд тизимини тартибга солишга қаратилган алоҳида қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ушбу соҳа вакилларининг меҳнатга оид низолари қонунлар ва улар асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу ҳолат суд қарорларининг қабул қилинишида, ягона суд амалиётини қўллашда ўзига хос ноаниқликларни вужудга келтирар эди.
Эндиликда эса янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 11-моддаси «Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиш соҳаси» деб номланиб, ушбу модданинг еттинчи қисмига мувофиқ шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек ички ишлар ва давлат божхона хизмати органларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга, суд, прокуратура ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик айнан уларнинг фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунчиликка зид бўлмаган тартибда қўлланилади.
Аҳамиятли томони шундаки ушбу модданинг ўн иккинчи қисми мувофиқ меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар ушбу кодексда белгиланган тартибда бир вақтнинг ўзида иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари сифатида иш юритмаса) татбиқ этилмаслиги масаласи аниқлаштириб берилди. Яъни муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига, мазкур ташкилотнинг ходимлари бўлмаган тафтиш комиссиялари аъзоларига (тафтишчиларга), фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга.
Меҳнат қонунчилигининг устуворлиги соҳасида судлар томонидан меҳнатга оид ишларни кўришда, аксарият ҳолларда қонун ва қонунчилик ҳужжатларини қўллашда «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун талабига кўра норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг нисбатига мувофиқ қўллашда, яъни, судлар томонидан меҳнатга оид низоларда қонунчилик ҳужжатларини ёки қонуности ҳужжатларини қўллашда аниқ мезоннинг мавжуд эмаслиги судлар томонидан қарорлар қабул қилинишида бир қатор муаммоли ҳолатларни вужудга келтирар эди.
Бунга амалдаги меҳнат кодексида аниқ механизм белгиланмаган бўлиб, 5-моддаси мазмунига кўра «Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас» деб белгилангани сабаб бўлар эди.
Чунки ушбу модда мазмунига кўра, фақатгина келишув ва шартномалар шартлари ходимлар аҳволини ёмонлаштирмаслиги назарда тутиларди.
Эндиликда эса янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 13, 14, 15 ва 17 моддалари мазмунига кўра ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка нисбатан ёмонлаштирадиган нафақат шартлар, балки қоидалар киритилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди ва бу келгусида меҳнат низоларини кўриш жараёнида судлар томонидан меҳнат низоларини меҳнат кодекси талабларига мувофиқ кўриш ҳамда қарор қабул қилиш имконини беради.
Меҳнат низоларини ҳал қилишда вакиллик органларининг иштироки соҳасида амалда иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда албатта ходимлар вакиллик органини розилигини олишни назарда тутади.
Меҳнат кодексининг 101-модаси мазмунига кўра, иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилишга оид тақдимномасини вакиллик амалдаги органлари 10 кунлик муддатда кўриб чиқишлари белгиланган.
Бироқ вакиллик органи ушбу тақдимномани мазкур муддатда кўриб чиқмаса, нима бўлади ёки такрорий киритилган тақдимномаларга ҳам умуман жавоб бермаса, нима оқибат рўй бериши аниқлаштирилмаган бўлиб, бу ўз навбатида вакиллик органларининг розилигисиз ходим билан меҳнат шартномани бекор қилиш ҳақидаги иш берувчининг буйруғини судлар томонидан бекор қилинишига, шу билан бирга, айрим ҳолларда инсофсиз ходимларнинг ишга тикланишига сабаб бўларди ҳамда иш берувчиларнинг суд қарорларига нисбатан ҳақли эътирозларини келтириб чиқарар эди.
Эндиликда янги кодекснинг 164-моддаси учинчи қисмига мувофиқ касаба уюшмаси қўмитаси ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилиги масаласи бўйича қабул қилинган қарор ҳақида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда иш берувчига хабар қилиши керак. Агар кўрсатилган муддат тугаганидан кейин касаба уюшмаси қўмитаси қабул қилинган қарор ҳақида хабар қилмаса, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу кодексда белгиланган тартибда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз бекор қилишга ҳақли эканлиги белгиланди.
НОҚУЛАЙЛИК
Судлар томонидан меҳнат низоларини кўришда яна бир ноқулайлик бор – амалдаги меҳнат кодексининг ўзбекча ва русча матнларидаги жумлаларнинг бир-бирига мувофиқ эмаслигидир. Масалан, аксарият меҳнат низолари интизомий жазо чорасини қўллаш билан боғлиқ бўлиб, амалдаги меҳнат кодексининг 182-моддасининг бешинчи қисми “Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади” мазмунида ифодаланган.
Мазкур қисмда иккита ноаниқлик мавжуд, биринчиси, "узоғи билан" жумласи ходимнинг касал ва таътилда бўлган вақтини ҳисобга олишда ноаниқликни келтириб чиқаради. Чунки норманинг ўзида "узоғи билан" жумласи ишлатиляпти, кодекснинг русча матни мазкур қисмида “но не позднее одного месятса со дня его обнаружения”, яъни бир ойдан кечиктирмасдан деган жумла ишлатилган ва бу русча матнда тўғри қўлланилган бўлиб, ходимнинг касал ва таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасликка асос бўлади.
Шунингдек мазкур қисмда келтирилган “Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб” жумласи бир ойлик муддатнинг қайси вақтдан бошланишини аниқлаштирмайди, яъни иш берувчига ходимнинг ножўя ҳаракати маълум бўлган кунми ёки аниқланган ёинки исботланган кунми, сабаби, иш берувчида интизомий жазо чорасини қўллашлик учун муддатлар чегараланган бўлиб, ушбу муддатларга риоя этмаслик иш берувчининг буйруғи бекор қилинишига олиб келади.
Эндиликда мазкур ноаниқликлар янги таҳрирдаги кодекснинг 314-моддаси биринчи қисмида аниқлаштириб берилиб, қуйидагича «Интизомий жазо интизомий қилмиш аниқланганидан кейин дарҳол, бироқ аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади, бунда вақтинча ишга лаёқатсиз бўлган давр ҳисобга олинмайди. Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома комиссия томонидан имзолаган кун хизмат текшируви натижалари бўйича аниқланган интизомий қилмиш аниқланган кун деб ҳисобланади» тарзида белгиланди.
Меҳнат интизоми билан боғлиқ яна бир муҳим янгилик янги меҳнат кодексининг 409-моддасига мувофиқ энди иш берувчилар уч ёшгача бўлган боласи бор ходимлар агарда меҳнат интизомини мунтазам бузсалар ёки бир маротаба қўпол тарзда бузсалар, шунингдек, ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинлиги белгиланди.
МУДДАТЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ЯНГИЛИК
Муддатлар билан боғлиқ муҳим бир янгилик қуйидагидан иборат. Ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда муддатлар ходимлар тоифаси ва ташкилотнинг мулкчилик шаклини инобатга олган ҳолда қўлланиши, масалан, раҳбар ходимлар ўз аризаларини икки ой олдин, унинг ўринбосарлари бир ой олдин, давлат элементи билан боғлиқ бўлмаган корхона ходимлари иш берувчини етти кунлик муддатда огоҳлантириши.
Шунингдек, амалдаги меҳнат кодекси 113-моддасида ходимни ишдан четлаштириш асослари ва тартиби белгиланган бўлиб, мазкур моддада иш берувчи ходимни қанча муддатга ишдан четлаштирилиши аниқлаштирилмаган эди.
Эндиликда, янги таҳрирдаги кодекснинг 151-моддаси мазмунига кўра, ишдан четлаштириш асослари аниқлаштирилиши билан бирга, иш берувчи ходимни ишдан четлаштириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар бутун даврга уни ишдан четлаштириши белгиланди.
Меҳнат шартларини ўзгартириш соҳасида амалдаги меҳнат кодексининг 89-моддасида иш берувчи ходим розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириши мумкинлиги ва бу борада ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, тарафлар келишувига кўра ушбу муддат қисқартирилиши мумкинлиги белгиланган. Бу ерда муаммо шунда эдики, ходим ва иш берувчи келишувига кўра, мазкур икки ойлик муддат пуллик компенсацияга алмаштирилиши назарда тутилмаганлиги боис низони ҳал қилишда ноаниқликлар вужудга келар эди.
Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 137-моддаси иш берувчининг меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириш ҳуқуқи деб номланиб, эндиликда иш берувчи меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши тўғрисида ходимни огоҳлантиришнинг икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли. Бунда ходимни огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати фақат ходимнинг розилиги билан пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкинлиги белгиланди.
Албатта мазкур янгиликлар бир вақтнинг ўзида иш берувчига меҳнат интизоми, меҳнат шартларини ишлаб чиқариш омиллари ва замон талабларига мослаштириш имконини бериши билан бирга, ходимларга ҳам меҳнат муносабатларида аввало ўзининг функционал вазифаларига виждонан ёндашиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ўзининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш имконини беради.
Ҳамидулло ҚЎЧҚОРОВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази доценти