Янги даврнинг улкан ва беназир имкониятлари
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида маданият ва санъат соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ривожланиши ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши ҳамда миллий маданиятимизни жаҳонга танитиш йўлида бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги 9 йилда маданият ва санъат соҳасига оид Ўзбекистон Республикасининг 4 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 35 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 98 та қарори ва фармойишлари қабул қилинди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Шунингдек, соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.
Маданият вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, маданият ва санъат соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилда 122,8 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2026 йилда 1 триллион 282,4 миллиард сўмдан ортиқ, яъни 10 баравар кўп маблағ йўналтирилди.
Бугунги кунда жами 331,5 миллиард сўмлик 72 та ДХШ битимлари имзоланган. Жумладан, 2020 йилда маданият ва санъат муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида 53,4 миллиард сўмдан ортиқ 10 та, 2021 йилда 36,5 миллиард сўмлик 7 та, 2025 йилда 92,1 миллиард сўмлик 21 та битим имзоланган.
Ўзбекистоннинг кўп йиллик тарихини тиклаш, миллий анъана ва қадриятларимизни ёш авлодга безавол етказиш мақсадида Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика Бахшичилик санъати марказлари ҳамда унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари ташкил этилди.

Миллий ва жаҳон маданияти намуналари билан аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Халқаро фестиваллар дирекцияси, “Баҳор” давлат рақс ансамбли фаолияти йўлга қўйилди.
Миллий мақом санъатини янада ривожлантириш бўйича “Шарқ мусиқаси атамаларининг қисқача изоҳли луғати” нашрга тайёрланди. “Мақом асослари” қўлёзмаси, “Хоразм мақомлари”, “Бухоро шашмақоми”, “Ўзбек мақомлари” китоблари ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳамда “Мақом асослари”, “Бастакорлар ижоди” номли ўқув қўлланмалари, қолаверса, Комилжон Отаниёзов ҳаёти ва ижодига бағишланган 3 та китоб нашр этилди.

2017 йилгача вазирлик тасарруфида 333 та таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб Маданият вазирлиги тасарруфида ушбу кўрсаткич 382 тани ташкил этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти каби қатор янги олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 6 тага кўпайди ва 4 тадан 10 тага етди. Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби Ўзбекистон давлат хореография академияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг Урганч филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиаллари ташкил этилди.
Рақс, мақом, опера ва бахшичилик санъати йўналишида ўрта махсус таълим муассасалари 23 тадан 29 тага етди. Жумладан, Урганч, Бухоро, Фарғона шаҳрида мақом санъатига, Термиз шаҳрида бахшичилик санъатига, Нукус шаҳрида опера санъатига, Урганч, Қарши, Бухоро шаҳарида рақс санъатига ихтисослаштирилган мактаб интернатлари ташкил этилди. Ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари сони 21 тага кўпайиб, 305 тадан 326 тага, илмий тадқиқот муассасалари ва малака ошириш маркази 2 тага ортиб, 1 тадан 3 тага етди.

2017 йилда маданият ва санъат йўналишида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар қамрови 80,7 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2025 – 2026 ўқув йилида 110 минг 245 нафарни ташкил қилиб, йиллик қамров 29 минг 545 тага (36,6 %) кўпайтирилди. Ўқувчи-талабаларнинг халқаро ва республика танловларидаги йиллик ўртача иштироки 1700 тадан 5376 тага кўпайган.
Республикадаги барча 326 та болалар мусиқа ва санъат мактабида “Мақом алифбоси” ҳамда 29 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабида “Мақом санъати тарихи” ўқув фани киритилди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи” ташкил этилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг директор ва директор ўринбосарлари ойлик маошлари 50 фоизга, ўқитувчи-концертмейстерларнинг ойлик маошлари эса 25 фоизга оширилди. 95 та болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик санъати йўналиши ўқитилиши йўлга қўйилиб, 1278 нафар иқтидорли ёш қамраб олинди. 40 та маданият марказида бахшичилик тўгараклари ташкил этилиб, ушбу тўгаракларга жами 408 нафар ҳаваскорлар қамраб олинди.

Республикамизда 2017 йилга қадар театрлар сони 37 та бўлган бўлса, ҳозирда 41 тага етди. 2015 – 2016 йилларда 3 та театр реконструкция қилинган бўлса, 2016 – 2023 йилларда 11 та театр мукаммал таъмирланди ва қайта жиҳозланди. Давлат театрлари томонидан 2017 йилда маҳаллий гастроллар 15 та, хорижий гастроллар 7 тани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 92 та хорижий ва 362 та маҳаллий гастроль сафарлари амалга оширилди.

2017 йилга қадар театрлар репертуарида тарихий асарлар сони 35 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 55 тадан ортиқ. Театрларга томошабинлар ташрифи йиллик режанинг 70 фоизини ташкил этган бўлса, 2018 – 2022 йиллар давомида йиллик ташрифлар 4 миллионга яқинлашиб, 96 фоизгача етказилди.
Йиллик янги саҳналаштириладиган спектакллар сони 110 тадан 179 тага етказилди. Шунингдек, театрларнинг илмий салоҳияти ва нуфузи ортгани инобатга олиниб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрига академик, Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрига миллий ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига академик мақоми берилди.
2016 – 2023 йилларда бир қатор театрлар янгидан ташкил этилди ва мавжудларининг сифатли ва тўлақонли фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, Навоий ва Наманган вилоятларида қўғирчоқ театрлари фаолияти янгидан йўлга қўйилди. Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри, Жиззах вилояти қўғирчоқ театри бинолари янгидан қурилди. Жиззах, Сирдарё вилоятлари мусиқали драма театрлари биноларида реконструкция, Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри, “Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясида мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

Миллий опера ва балет санъатида “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида 12 нафар малакали ижодкор – Ўзбекистон халқ артистлари ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистларнинг “маҳорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига 2 йил муддатга бош дирижёр сифатида хориждан машҳур ва истеъдодли мутахассис жалб этилди. Шунингдек, театр жамоаси хорижий гастроль сафарларини ташкил этишнинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган режаси тасдиқланиб, бугунги кунда Озарбайжон Республикасининг Боку, Корея Республикасининг Тегу, Пусан, Кочанг ва Пхёнтхэк, Франциянинг Париж, Германиянинг Дортмунд ҳамда Хитойнинг Пекин шаҳарларига гастроль сафарлари амалга оширилди.
2022 – 2026 йилларда миллий, жаҳон опера ва балет асарларини саҳналаштириш бўйича алоҳида режа тасдиқланиб, бугунги кунда 6,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан “Алишер Навоий”, “Маскарад бали” опералари, “Жалолиддин Мангуберди” балети саҳналаштирилди.
Ҳар йили “Ёш вокал ижрочилари”, “Ёш балет ижрочилари” ва “Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар” республика кўрик-танловлари ўтказилиши белгиланди ва ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “Опера ва балет санъати” халқаро фестивали ўтказилди.

Бугунги кунда Маданият вазирлиги тасарруфида 838 та маданият маркази фаолият юритаётган бўлиб, улардаги тўгараклар сони 2017 йилда 1258 тани ташкил этган, 2023 йилга келиб эса 3749 тага етазилди. Бундан ташқари, маданият марказларида 2017 йилгача намунавий халқ жамоалари сони 375 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб мазкур жамоалар сони 201 тага кўпайиб, 576 тага етди. Маданият марказлари 2023 йилда 5 номдаги 6780 дона ўқув-услубий қўлланма ҳамда 8 турдаги 8670 дона мусиқа чолғуси билан таъминланди.
2016 – 2025 йилларда 8 та номоддий маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Наврўз ва Палов маданияти ва анъаналари (2016 йил), атлас ва адрас тўқиш (2017 йил), “Хоразм рақси – лазги” (2019 йил), Бахшичилик санъати (2021 йил), Миниатюра санъати (2022 йил), “Рубоб ясаш ва ижрочилик анъаналари” (2024), “Қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати” ҳамда “Қора уй” ўтовларни барпо этишга оид анъанавий билим ва кўникмалар (2025) номоддий маданий мерос объектлари шулар жумласидан.

2020 йилдан бошлаб концерт ва маданият саройларида тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари учун ижара тўлови 50 фоизга камайтирилди. 2021 йилдан бошлаб республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида ўтказиладиган давлат тадбирларининг календарь режаларини тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.
Санъаткорларни вазирлик ва идораларнинг касб байрамларига, юбилей ва корпоративларга жамоатчилик асосида жалб қилиш каби “мажбурий меҳнат”нинг ушбу ҳолатларига чек қўйилиб, бундай тадбирларга фақат шартнома асосида жалб қилиш мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Маданият ва санъат йўналишида 2017 йилга қадар 10 та танлов ташкил этилган бўлса, 2022 йилга келиб танловлар сони деярли 2 баробар ошди ва уларнинг сони 24 тани ташкил этди. Ундаги иштирокчилар сони эса 38 минг нафардан 62 минг нафарга ортди.
Юртимиз маданияти ва санъатини кенг тарғиб этиш, асрлар давомида шаклланган санъат турларини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодларга мерос қилиб қолдириш мақсадида бир қатор йўналишларда халқаро даражадаги тадбирларни ўтказиш тизими жорий этилди. Хусусан, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, “Лазги” халқаро рақс фестивали, Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали, Халқаро ҳунармандчилик фестивали каби бир қанча фестиваль ва анжуманлар ташкил этилди. Чекка туман (шаҳар) ва овулларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида “Маданият карвони” тадбирлари учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга, Марказий Осиёда ягона бўлган 2 дона махсус автотранспорт воситаси харид қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг маданият ва санъат соҳасидаги хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги сўнгги 5 йил давомида янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизнинг маданий дипломатияси юксалди. Жумладан, Ўзбекистоннинг 29 та хорижий давлатда маданият кунлари, шунингдек, 12 га яқин хорижий давлатнинг Ўзбекистонда маданият кунлари ўтказилди.
Ўзбек санъатини дунё бўйлаб тарғиб этиш мақсадида Кореа, Қатар, Қозоғистон, Буюк Британия, Япония, Озарбайжон, Туркия каби далатларда юртимизни тарғиб этувчи шахсларга “Ўзбекистон маданияти элчиси” мақоми берилди.

Яратиб берилган кенг имкониятлар сабабли “Ўзбекконцерт” ДМ томонидан ижодкорлар учун 3 901 та лицензия тақдим этилиб, 7 йил олдингига нисбатан 5 баробарга кўпайган. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг олис ҳудудларида махсус автотранспорт билан “Маданият карвони” шаклида концерт-томоша тадбири ҳамда ўзаролик тамойили асосида ҳудудларнинг “Маданият кунлари” тадбирларини ҳар йили ўтказиш анъана тусига кирди.

Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги бадиий жамоалар ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан олий таълим муассасаси ва умумтаълим мактабида лекторий-концертлари ўтказиш бошланди. 2024 йилдан бошлаб 14 та ҳудуднинг белгиланган 17 та манзилида “Кўча санъати ва мусиқаси”, таниқли маҳаллий ва халқаро ижодкорлар иштирокида “Юлдуз билан саёҳат” лойиҳаси йўлга қўйилди.
Ҳар йили Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Зомин, Хонобод, Бойсун каби бир қатор туманларда маданият ва санъат, мусиқа ва рақс йўналишларида 10 га яқин йирик халқаро фестиваль, анжуман ва бошқа маданий тадбирларни ўтказиш бошланди.

Соҳада фаолият кўрсатувчи 82 нафар ёшлар давлат мукофотлари билан тақдирланди, соҳада таҳсил олувчи 45 нафар ёшлар давлат стипендияларини қўлга киритди. Иқтидорли ёшларнинг халқаро танловлардаги иштироки сезиларли даражада ўзгарди. Хусусан, 215 нафар ёш АҚШ, Италия, Франция, Германия, Чехия, Латвия, Испания, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатларда ўтказилган нуфузли танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.
Булар шунчаки рақам ва статистика эмас, балки мустақиллик, янги Ўзбекистонда кечаётган туб ижобий ўзгаришлар натижасида эришилган ютуқлардир. Зеро, ҳар бир рақам ортида минглаб ижодий, эзгу ғоялар, ташаббуслар, янги ва ҳур фикрлар мужассам.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири