Ягона тил меъёрларига амал қилиш юзасидан тавсиялар берилди
Давлат тилининг нуфузини юксалтириш, расмий иш юритишда адабий тил меъёрларига қатъий риоя этиш ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтиш жараёни бугун ҳар бир давлат ташкилоти фаолиятининг муҳим мезонига айланмоқда. Зомин туманида олиб борилаётган навбатдаги ўрганишлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, давлат органлари ҳамда ташкилотларида иш юритишни давлат тилида амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган муҳим ҳужжатдир. Қонун талабларининг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10-февралдаги “ Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Жиззах вилояти ҳокими раислигида ўтказилган йиғилиш баёни ҳамда Зомин тумани ҳокимининг 2026 йил 2-июндаги йиғилишида белгиланган топшириқлар асосида тумандаги корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш ишлари ташкил этилди.

Шунингдек, Зомин тумани прокурорининг 2026 йил 3-июндаги режа-топшириғига мувофиқ Жиззах вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Зомин туман бўлимида ҳам атрофлича ўрганиш ўтказилди.
Туман ҳокимининг маслаҳатчиси Х.Сиддиқов ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Жиззах вилояти Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази катта ўқитувчиси О.Мамиров иштирокида олиб борилган таҳлиллар давомида муассасанинг расмий ҳужжатлари, буйруқлари, хизмат ёзишмалари ва ташқи ахборот воситаларидаги ёзувлар давлат тилининг имло қоидалари ҳамда услубий талаблари нуқтаи назаридан кўздан кечирилди.
Ўрганишлар жараёнида давлат тилидан фойдаланиш маданиятини янада юксалтириш, расмий матнларда аниқлик ва саводхонликни таъминлаш, ташқи ёзувларда ягона тил меъёрларига амал қилиш юзасидан тавсиялар берилди.

Айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 сентябрдаги баёни ижроси доирасида ташкилот ходимлари иштирокида “Оммавий диктант” тадбири ҳам ўтказилди. Мазкур ташаббус давлат тилида ёзиш маданиятини юксалтириш, ходимларнинг саводхонлик даражасини ошириш ва расмий ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зеро, давлат тилига бўлган ҳурмат — миллий ўзликка ҳурмат демакдир. Қонун талабларига оғишмай амал қилиш, давлат тилининг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва унинг софлигини асраш ҳар бир раҳбар ва ходимнинг муҳим фуқаролик бурчидир. Бу йўлда амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус миллий маънавиятимиз кўзгуси бўлган она тилимиз равнақига хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири