Ягона мақсад, ягона интилиш, ягона келажак
Давлатимиз раҳбарининг Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами тантанасидаги нутқи мамлакатимиз тараққиётида янги саҳифа очиши, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилаб олишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Айни кунларда мазкур нутқ мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ташкилотлар, олимлар ва экспертлар, талаба-ёшлар томонидан пухта ўрганилиб, унда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳияти кенг муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган вазифалар, унда баён этилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳамда уларни кенг тарғиб қилиш масалаларига бағишланган семинар тадбири бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари учун ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосари Фарҳод Боқиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъуллари ҳамда Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, нутқда илгари сурилган муҳим ғояларнинг аҳамияти хусусида атрофлича тўхталди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган мазкур нутқида юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган, кейинги ўн йилликка мўлжалланган муҳим ташаббус ва режалар илгари сурилган.
Нутқда белгиланган вазифалар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, халқимизнинг муносиб ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, юрт тараққиётининг энг муҳим мезони инсоннинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажакка ишонч билан қадам қўйишидир.
Хусусан, билим ва малакани ривожлантириш, соғлом ва узоқ умр кўриш учун муносиб шароитлар яратиш, юқори технологияли иқтисодиётни шакллантириш, сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, маҳалла институтини янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига доир еттита миллий дастур хусусида ҳаётий мисоллар ёрдамида фикр юритилди.
Бугунги кунда таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Айниқса, ёш авлодга сифатли таълим бериш ва уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор келажакнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шу маънода, ҳар бир педагог ва таълим соҳаси ходимининг зиммасига юксак масъулият юкланади. Чунки бугун мактабда шаклланаётган билим, тафаккур ва дунёқараш эртанги жамиятнинг қиёфасини белгилайди.
Семинарда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга тўғри ва таъсирчан етказишда маънавий-маърифий тарғиботнинг ўрни беқиёс экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, миллий ғоя ва умуминсоний қадриятларни уйғунлаштириш, ёшларда Ватанга муҳаббат, дахлдорлик ва фидойилик туйғуларини янада юксалтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Зеро, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси кучли бўлган авлод ҳар қандай юксак мақсадни рўёбга чиқаришга қодир бўлади.
Тадбир иштирокчилари нутқда илгари сурилган ташаббусларнинг ҳаётимиздаги амалий аҳамияти, уларни таълим-тарбия жараёнига самарали татбиқ этиш йўллари ҳақида фикр алмашди. Ҳар бир белгиланган вазифа фақат қоғоздаги мақсад эмас, балки мамлакатимиз келажаги ва халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган аниқ ҳаракатлар дастури экани таъкидланди.
Бундай маърифий мулоқотлар жамоада ягона мақсад ва умумий масъулият туйғусини янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, юрт тараққиётига дахлдор ғояларни ҳар бир инсон қалбига етказиш, уларни эзгу мақсадлар сари сафарбар этишда бундай тадбирларнинг аҳамияти катта.
Ўзаро мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди. Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, “Ягона Ватан, ягона халқ” ғояси атрофида бирлашиш бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ва уларда фаол иштирок этишни тақозо этади. Зеро, юртимизнинг буюк келажаги ҳар бир фуқаронинг ташаббуси, меҳнати ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан бунёд этилади.
Назокат Усмонова, ЎзА