“Китоб карвони” Катта Баёт маҳалласига етиб келди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Маҳалла кутубхонаси” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Китоб карвони” Бухоро вилояти Олот туманидаги Катта Баёт маҳалласига етиб келди.
Мазкур эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Миллий кутубхона ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
[gallery-31328]
Тадбир доирасида маҳалла аҳолисига 1 минг нусха янги китоб тақдим этилди. Нашрлар, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, дунёқарашини кенгайтириш, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
“Китобхонлик маҳалласи” ғояси асосида ташкил этилган тадбирда китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, мутолаанинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва аҳолининг маънавий эҳтиёжларини қондириш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, китоб инсон тафаккури ва маънавий дунёсини бойитиш, дунёқарашини кенгайтиришда муҳим манба ҳисобланади. Шу жиҳатдан, “Китоб карвони” ташаббуси аҳолининг китобхонликка қизиқишини ошириш, ёшларни маърифий муҳитга жалб этиш ва маҳаллаларда китобхонлик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА