“Voice up”: ёшлар фикри ва ташаббуслари эътиборда
Самарқандда “ Voice up”(Фикр бер!) халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳи бошланди.
Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия ҳамда Қирғиз Республикаларидан келган иштирокчилар ва мамлакатимиз вакиллари халқаро экспертларнинг тақдимотларида қатнашиб, долзарб мавзулар юзасидан ўз билим ва тажрибаларини бойитмоқда.
[gallery-29865]
Бугун Самарқанд шаҳрида жойлашган “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида тадбирга старт берилиб, рамзий байроқ кўтарилди ва иштирокчилар белгиланган йўналишлар бўйича семинарларни бошлади.
Хусусан, тадбир доирасида болалар камбағаллигини қисқартириш ва “ижтимоий лифт” механизмлари, алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив муҳит яратиш, ўсмирларни хавфли муҳитдан имкониятлар сари йўналтириш, волонтёрлик ва жамоатчилик иштирокининг аҳамияти каби муҳим масалаларга бағишланган семинарлар ўтказилмоқда. Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтказилаётган семинарларда ёшлар фаол иштирок этиб, ҳар бир мавзуни атрофлича муҳокама қилган ҳолда муаммо ечими учун ўз таклифларини билдиришмоқда.
“Voice up” оромгоҳи ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тенг имкониятларни кенгайтириш ҳамда инклюзив жамиятни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари