Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси AFDA Сифат назорати лабораторияси фаолияти билан танишди
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегациясининг Афғонистон Ислом Амирлигига амалга ошираётган хизмат сафари доирасида Afghanistan Food and Drug Authority (AFDA) ҳузуридаги Сифат назорати лабораторияси раҳбарияти ҳамда лаборатория бўлинмалари масъуллари билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида AFDA мутахассислари лабораториялар фаолияти, уларнинг техник салоҳияти, дори воситалари сифатини назорат қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда лаборатория тизимини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари юзасидан тақдимот ўтказди.
Мулоқот чоғида лаборатория мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш, лаборатория фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қўшма тадбирларни ташкил этиш, шунингдек, тажриба алмашиш ва экспертлик ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хизмат сафари доирасида Марказ директори ўринбосари Мирзоҳиджон Қодиров бошчилигидаги делегация вакиллари AFDA лабораторияларининг моддий-техник базаси, замонавий ускуналар билан таъминланганлик даражаси ҳамда дори воситалари сифатини назорат қилиш бўйича олиб борилаётган лаборатория синовлари билан яқиндан танишди.
Учрашув якунлари бўйича Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва AFDA ўртасида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгиловчи Қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлашга келишиб олинди.
Айни кунларда давом этаётгaн хизмат сафари доирасида фармацевтика маҳсулотлатларини давлат томонидан тартибга солиш, сифат назорати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Афғонистон делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва AFDA ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган эди. Унда Марказ директори Алишер Темиров бошчилигидаги мутахассислар ҳамда AFDA раиси Заҳид Ҳамдуллаҳ бошчилигидаги делегация вакиллари ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилганди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, тартибга солиш тизимларини такомиллаштириш ва аҳолини сифатли, хавфсиз ҳамда самарали дори воситалари билан таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув давомида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг фаолияти, ташкилий тузилмаси, дори воситалари ва тиббий буюмларни давлат томонидан тартибга солиш тизими, замонавий сифат назорати лабораториялари, сифат менежменти тизими ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилган эди.
Шунингдек, AFDA назорат лабораторияларининг техник салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, Марказ мутахассислари томонидан Афғонистонда техник аудит ўтказиш, лабораторияларнинг мавжуд инфратузилмаси va таҳлилий имкониятларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижалари асосида зарур лаборатория ускуналари рўйхатини шакллантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилганди.
Томонлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораторияларини Афғонистон бозори учун мўлжалланган дори воситалари va тиббий жиҳозлар сифатини назорат қилиш бўйича референс лабораториялар сифатида белгилашга оид Битим лойиҳасини ҳам муҳокама қилган эди.
Учрашувда тартибга солиш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича масъул вакилларни белгилаш, регулятор ахборотлари вa норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мунтазам алмашиш механизмини яратиш, фармаконазорат тизими ҳамда дори воситаларининг ножўя реакцияларига оид маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш юзасидан мунтазам техник маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА