Водийни саёҳат йўллари бирлаштиради
Туризмни ҳамкорликда ривожлантириш мақсадида Фарғона водийсидаги Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон вилоятлари ягона "ташриф йўлаги"ни ташкил этдилар. Энди Хўжандга келган сайёҳ Фарғона ва Ўшга ҳам боради. Ёки аксинча, Фарғонага ташриф буюрган хорижлик меҳмонларда Жалолобод ёки Боткен вилоятларига ҳам бориш имкони бўлади.
Ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистоннинг Ўш вилоятида “Салом Ўш — 2026” халқаро туризм фестивали ҳамда Фарғона водийсини ривожлантиришга бағишланган минтақавий давра суҳбати ташкил этилди.

Кара-Суу туманидаги Беш-Мерген яйловида йиғилган соҳа мутахассислари тадбирнинг тантанали очилиш маросимида ўз фикр- мулоҳаза ва таклифларини айтдилар.

– Фестиваль доирасида туризм соҳасини ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Фарғона водийсининг инвестицион ва маданий салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди, – дейди тадбир иштирокчиси, Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов.


“Салом Ўш — 2026” фестивали нафақат туризмни ривожлантириш, балки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик, маданий алоқалар ва минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА